Халқаро қизлар куни муносабати билан Булунғур тумани ҳокимлиги томонидан уюштирилган тадбирда туман ҳокими С.Астанов иштирок этиб, фаол ва истеъдодли қизларга ҳокимлик ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
Бу йил олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган 674 нафар булунғурлик ёшларнинг 328 нафарини қизлар ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги 322-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари алоҳида параметрлари асосида танловда иштирок этиши учун 23 нафар хотин-қизга тавсия берилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 11 нафар талаба хотин-қизга шартнома пули ҳокимлик томонидан тўлаб берилди.
***
Нарпай туманидаги 70 та умумтаълим мактабининг 39 тасида замонавий электрон доскалардан фойдаланиб келинар эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда қолган 31 та мактабга ҳам интерактив доскалар олиб берилди.

Шунингдек, Пахтачи туманидаги 17 та умумтаълим мактабига ҳам янги электрон доскалар совға қилинди.
***

Самарқандда Марказий Осиёда меҳмонхона, ресторан ва туризм бизнеси соҳасидаги муҳим воқеа – “Samarkand Hospitality Days” - HoReCa 2024” халқаро меҳмондўстлик ва туризм саноати кўргазма -ярмаркаси ўтказилмоқда. Унда юртимиз ва қўшни давлатлардаги туризм соҳаси вакиллари ўз маҳсулот ва хизматлари намойиши билан иштирок этмоқда.
***
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилгани тезкор тадбирда “Фарғона – Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган автотранспорт воситаси “Манас” ЙПХ масканида тўхтатилиб, юкхонаси кўздан кечирилганида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 5 турдаги 153 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари ва салютлар борлиги аниқланди.

Ҳозир ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири