French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:13 / 2024-08-22

Самарқанд шаҳрида ички туризмни ривожлантириш, ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида “Ички туризм ярмаркаси” ўтказилди.

Унда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган сайёҳлик фирмалари, туроператор, турагент, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйи) вакиллари ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этиб, туризм соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди, янгидан ишга туширилган стартап лойиҳалари ҳам намойиш этилди.

***

Пайариқ туманида томорқачилик кластери шаклидаги “Томорқа Эмалач Сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади.  

Томорқачиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашиш, соҳага илмий инновацияларни кенг жорий этиш мақсадида ташкил этилган корхона Гулзор ҳамда ҳудуддаги бошқа маҳаллаларга 12 турдаги хизматлар кўрсатади.  

***

Вилоят матбуот уйида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Кореядаги КОФИҲ фондининг юртимиздаги ваколатхонаси ва Вирусология институти ҳамкорлигида юртимизда онкологик касалликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда соҳа мутахассислари ва экспертлар гепатит В ва С вируслари туфайли келиб чиқаётган онкологик хасталиклар ҳамда бачадон бўйни саратони ҳақида маълумот берди. Ушбу касалликларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш ва скрининг текширувларига аҳолини кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

***

Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари қоровуллари учун объектда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўқув- семинар ташкил этилди.  

Янги ўқув йили олдидан ўтказилган тадбирда мутахассислар томонидан мактабларда ҳавфсизликни таъминлаш, фавқулодда ҳолат юз берганда тезкорлик билан ташвиш тугмаси орқали туман ёки шаҳар қўриқлаш бўлимларига хабар бериш ва бошқа вазифалар ҳақида тушунча берилди.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири