Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд вилояти хабарлари қисқа сатрларда
08:47 / 2023-08-30

Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ва Пусан шаҳри ҳокими ўринбосари Ли Сонг Квон Самарқанд ва Пусан шаҳарлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари тўғрисида меморандум имзолади.

Учрашувда икки шаҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.  

***  

Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Иштихон тумани адлия бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилган икки қаватли бинода ходимлар ва фуқаролар учун зарур шарт-шароит яратилган. Электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бинода қуёш панеллари ўрнатилди. 

 ***  

Иштихон туман марказидаги “Устозлар хиёбони”да беш минг китоб фондига эга “Очиқ осмон остидаги кутубхона” очилди. Туман ҳокими Ф.Рўзиевнинг қайд этишича, ҳозирча 5 минг китоб фондига эга кутубхона келгусида янги адабиётлар, электрон китоблар билан таъминланади.  

Шунингдек, республика ва вилоят кутубхона марказлари билан онлайн алоқа йўлга қўйилиб, иштихонлик китобсеварларнинг улардаги китоблардан ҳам фойдаланиш имконияти яратилади.

  ***  

Нарпай туманидаги бир қатор умумтаълим мактаблари битирувчилари олий ўқув юртига ўқишга киришда юқори кўрсаткичга эришди. Туман ҳокимлиги бундай таълим муассасалари жамоасини рағбатлантириш ҳамда мактаблар моддий-техник базасини яхшилаши учун 17, 15, 29 ва 52-умумтаълим мактаблари директорлари ва ўқитувчиларини пул маблағлари билан тақдирлади.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА