Пайариқда туманлараро перинатал марказ иш бошлади
Туман марказий шифохонаси туғруқ мажмуаси негизида маҳаллий бюджетдан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари натижасида 175 ўринли перинатал марказ ташкил этилди.
Ушбу марказ нафақат пайариқликлар, балки, Қўшработ, Иштихон ва Оқдарё туманлари аҳолисига ҳам юқори сифатли, малакали тиббий хизмат кўрсатади.

Марказ белгиланган талабларга мувофиқ замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозланди ва кадрлар малакаси оширилди.
Ушбу ҳафта бошида Ургут туманида ҳам 150 ўринли перинатал марказ фаолият бошлаган эди.

Эҳтиёжманд оилаларга газ баллонлари берилди
Ургут тумани маҳаллаларида “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турадиган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга имтиёзли равишда маиший газ баллонлари етказиб берилмоқда. Ўтган йил мазкур тоифага кирувчи 300 та оила маиший газ баллонлари билан таъминланган. Жорий йил бошидан буён 35 оила ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлди.

“Ургуттумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан бугун туман прокурори бошчилигидаги иккинчи секторга қарашли Қорабулоқ маҳалласидаги 10 та эҳтиёжманд оилага янги маиший газ баллонлари топширилди. Баллонларни ҳар 45 кунда тўлдириб бериш бўйича карта ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА