Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат Агро” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишга бағишланган республика кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари масъуллари, фермерлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Жабборов дала четлари, каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофи, аҳоли томорқаларидаги бўш майдонларни қишлоқ хўжалигига йўналтириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кескин ошириш мумкинлигини Самарқанд тумани мисолида асослаб берди.

Қайд этилишича, Самарқанд туманида 115 гектар дала четлари бўлиб, бу ерларда 101,8 минг туп, коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги 11 гектар майдонда 10,05 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан август–сентябрь ойларида 1145 гектар майдонда тўқсонбости усулида пиёз ва саримсоқпиёз экилган. Айни вақтда барча майдонларда агротехник талаблар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2026 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида қўшимча 3134 гектар майдонда сабзавот экинлари экиш кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу майдонларда суғориш тармоқларини тайёрлаш, тупроқни юмшатиш, минерал ўғитлар бериш ва бошқа агротехник ишлар белгиланган режага мувофиқ давом этмоқда.

Кўргазмали семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар мазкур фермер хўжалигида дала четларидан самарали фойдаланиш, мевали кўчатлар экиш ва тўқсонбости экинларини жойлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари