French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд ва Туркистон туризм соҳасида ҳамкорлик қилади
21:41 / 2025-11-07

Юртимизда меҳмон бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб Самарқанддаги сайёҳлик манзиллари, тарихий-маданий ёдгорликларда бўлиб, вилоятнинг туристик имкониятлари билан яқиндан танишди. Самарқанд туризм академияси, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан танишув чоғида кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар ва унинг натижалари, соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ва Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Кушеров иштирокида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар минтақалараро ҳамкорликка ҳам катта туртки бераётгани қайд этилди.

[gallery-26135]

Хусусан, Самарқанд вилояти Қозоғистоннинг бир қатор вилоятлари билан яқин алоқа ўрнатгани, Туркистон вилояти билан ҳам турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги билдирилди.  

Икки вилоят етакчилари туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш Самарқанд ва Туркистон учун ҳам манфаатли бўлиши, бу, айниқса, ўзбек ва қозоқ халқларининг азалий дўстлик, яқин қўшничилик муносабатларига тўла мос келиши таъкидланди.  

Учрашувда А.Бобоев ва Н.Кушеров туризм йўналишидаги таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоладилар.

Туркистон вилояти раҳбари бошчилигидаги тадбиркорлар ва туризм соҳаси вакиллари Самарқанд халқаро туризм марказида ҳам бўлиб, бу ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароит ва халқаро стандартларга мос хизматлар билан танишдилар.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари