Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд ва Фуцзян ҳамкорликни кенгайтиради
09:07 / 2025-05-23

Самарқанд шаҳрида Самарқанд – Фуцзян иқтисодий ва савдо ҳамкорлик ҳамда "Мусаффо Фуцзян" маданий, туризм форуми бўлиб ўтди.

Унда Самарқанд вилояти ва Хитой Халқ Республикаси Фуцзян провинцияси раҳбарияти, иқтисодиёт, савдо, туризм, маданият ва маданий мерос соҳалари масъуллари, тадбиркорлар иштирок этди.  

Форум очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов, Хитой Халқ Республикаси Фуцзян провинцияси губернатори Чжао Лун кейинги йилларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой минтақалари ҳамкорлиги, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, инвестициявий дастурлар ҳақида сўз юритдилар.

– Самарқанд Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган бўлиб, уч минг йиллик тарихга эга,-- деди А.Бобоев.-- Кўҳна кент нафақат маданий ва туризм салоҳиятига эга, балки савдо-иқтисодий ҳамда саноат жиҳатидан ҳам ҳар томонлама стратегик ҳудуд. Хитой минтақалари билан ўрнатилган савдо-иқтисодий алоқалар натижасида охирги уч йилда товар айланмаси уч бараварга ошди, яъни бу кўрсаткич ўтган йил якуни билан 554,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Хитой томонидан Самарқандга киритилган инвестициялар эса тўрт бараварга ошиб, 354 миллион долларни ташкил қилди. Ҳозирги кунда вилоятимизда 140 дан ортиқ Хитой компаниялари фаолият юритмоқда. Биз ушбу компаниялар сонини ошириш ва янги сармояларни жалб қилишни мақсад қилганмиз. Жумладан, Фуцзян провинцияси машинасозлик ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришда етакчи эканлигини ҳисобга олиб Самарқандда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳа амалга оширишни таклиф қиламиз.

Фуцзян провинцияси губернатори ушбу йўналишларда истиқболли ва манфаатли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.

Тадбир давомида икки ҳудуднинг туризм, маданият, транспорт, қишлоқ хўжалиги, инвестициявий, ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларидаги салоҳияти намойиш этилди. B2B va G2B учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор келишув ҳамда меморандумлар имзоланди.

Меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, "Ипак йўли" халқаро туризм маркази ҳамда “Боқий шаҳар” мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари