English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд ва Цзянсу ҳамкорлиги ривожланади
17:54 / 2023-09-23

Хитой Халқ Республикасининг Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида кўҳна Самарқандга келган меҳмонлар дастлаб вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабулида бўлди. Учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Жумладан, Эркинжон Турдимов ҳудудлараро намунали йўл харитаси тузиб, икки давлат раҳбарларига тақдим этиш бўйича таклиф билдирди. Ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш , балиқчилик, ипакчилик, қишлоқ хўжалик техникаларини ишлаб чиқариш, текстил соҳаси қайд этилди. Шунингдек, фармацевтика, металлургия, рақамлаштириш соҳаларида ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Цзянсу ишбилармонларига Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон туманида барча имкониятлар яратилиши маълум қилинди.

Ўз навбатида Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ташрифдан мақсад икки томон ишбилармон доиралари учун қулай бизнес шароитларини яратган ҳолда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат эканлигини қайд этди. Учрашувга ипакчилик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, савдо ва саноат соҳаларида бутун дунёда ўз ўрнига эга йирик компаниялар вакиллари билан ташриф буюрганлиги таъкидлаб, ушбу йўналишлардаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Самарқанд вилояти ва Цзянсу провинциялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида меморандум имзоланди. Шунингдек, қурилиш соҳаси бўйича ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, қурилиш корхоналари кадрларини малакасини ошириш, соҳада олиб борилаётган илмий ишларни баҳиргаликда ривожлантириш мақсадида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ва Нанкин фан-техника касб-ҳунар институти ҳамкорлигида ташкил этилаётган қўшма Чженхе институтининг расмий очилиш маросими ўтказилди.

[gallery-13693]

Самарқанд ва Цзянсу ишбилармон доираларининг B2B, G2B мулоқотлари бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида бир қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.

Сюй Кунлин бошчилигидаги делегация ташриф давомида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, юртимизнинг бой тарихи, маданий мероси билан яқиндан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА