English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд ва Челябинск: ҳамкорлик ривожланади
17:25 / 2024-07-02

Россия минтақалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида айни пайтда ушбу мамлакатда бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Челябинск вилояти губернатори Алексей Текслер билан учрашди.

Мулоқот чоғида Самарқанд ва Челябинск вилоятларининг иқтисодий имкониятлари ва инвестицион салоҳияти, ҳамкорлик йўналишлари ҳақида фикр алмашилди. Э.Турдимов Челябинск вилояти раҳбарлари ва тадбиркорларини Самарқандга таклиф қилиб, саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади.  

Шундан сўнг, Челябинск шаҳрида Самарқанд ва Челябинск вилоятлари тадбиркорларининг бизнес форуми ўтказилди. Тадбир аввалида Самарқанд вилоятининг иқтисодий кўрсаткичлари, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳақида тақдимот қилинди.

Форумда икки томондан 100 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиб, ўз маҳсулот ва хизматлари ҳақида маълумот берди. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик юзасидан музокаралар ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, форум давомида вилоят ҳокими Э.Турдимов Челябинск вилоятининг йирик тадбиркор ва компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашиб, ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.

Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги раҳбар ва тадбиркорлардан иборат делегация кеча Екатеринбург шаҳрида Самарқанд вилояти савдо уйи очилиши ҳамда Свердловск вилояти ишбилармонлари иштирокидаги бизнес форумда қатнашган эди.  

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА мухбири