Ургут тумани — Самарқанд вилоятининг энг йирик ва энг аҳолиси кўп ҳудудларидан бири. Бугунги кунда бу ерда қарийб 600 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Йиллар давомида туман аҳолиси асосан автомобиль ва автобуслар орқали Самарқанд шаҳри ва бошқа туманларга қатнаб келган. Энди эса Ургутликлар ва шаҳар меҳмонлари поездда қатнашади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи асосида 2025 йил февраль ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Самарқанд–Ургут оралиғида 55,4 километрли янги темир йўл қурилиши бошланган эди. Қисқа муддатда улкан ишлар бажарилди.
Лойиҳа доирасида:
2 та вокзал («Жартепа» ва «Ургут»),
2 та тўхташ пункти,
2 та темир-бетон кўприк,
110 та сунъий иншоот,
3 та қўриқланадиган ва 10 та қўриқланмайдиган кесишма,
58,3 км оптик толали алоқа линияси,
1,8 млн м³ тупроқ ишлари,
ҳамда 58,3 км темир йўл излари қурилиб битказилди.
Шунингдек, мавжуд 10/35/110 кВ кучланишдаги электр тармоқлари тўлиқ кўчирилди, алоқа кабеллари янгиланди ва марказлаштирилган бошқарув тизимлари ўрнатилди.
Янги йўналиш ишга туширилиши билан:
ҳар куни 2 та йўловчи поезди,
9 та юк поезди қатнови йўлга қўйилади.
Бу эса йилига 359 минг йўловчи ташиш имконини яратади. Шунингдек, 8,2 миллион тонна юк самарали ва тез етказилади.
Ургут сингари йирик туман учун бу жуда катта енгиллик. Авваллари юк машиналари тирбандлиги туфайли корхоналар логистика қийинчиликларига дуч келаётган бўлса, энди маҳсулотлар арзонроқ ва тезроқ бозорга етиб боради. Бу эса инвесторларга қулайлик яратиб, «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг салоҳиятини янада оширади.
Янги тармоқ орқали 130 та янги иш ўрни яратилиши ҳам кўзда тутилган.
2025 йил 25 ноябрь куни давлат раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида жамоатчилик вакиллари билан бирга янги темир йўлда ҳаракатланиб, Ургутга борди. Президент «Ургут» вокзалидаги хизмат кўрсатиш тизимини, йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Туризмни ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбиркорларнинг ташаббуси билан вокзал атрофи замонавий марказга айлантирилади: янги автовокзал, миллий чойхона, экобозор, турар-жойлар, хусусий мактаб ва боғчалар қурилиши режалаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи сифатида Самарқанд–Ургут темир йўлини электрлаштириш режалаштирилган. Бу нафақат тезликни оширади, балки экологик жиҳатдан ҳам тоза, тежамкор транспорт тизимини яратади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/rFIP4MYKvWw?si=c9dDMudJskVLzBR5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов, Нишонбой Абдувоитов ЎзА