French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд – умумий уйимиз
11:46 / 2022-07-30

Ўзбекистон – кўп миллатли юрт.

Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. 

Барча миллат ва элатлар вакилларининг ўз анъана ва қадриятлари, урф-одатларини асраб-авайлаш ва давом эттиришлари учун имконият яратилган. Улар ўз тили, тарихи, маданияти ва бошқа ўзига хос турмуш тарзини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Бу борада юртимиздаги миллий-маданий марказларнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. 

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида турли миллатларнинг 11 та миллий-маданий маркази белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, фаолият олиб бормоқда. Улар нафақат ўзлари мансуб миллатнинг анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, балки вилоятда яшаётган барча миллатлар билан дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик, бағрикенгликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, корейс, арман, татар-бошқирд, немис, яҳудий, поляк, тожик, араб,  рус, турк, озарбайжон миллий маданий марказлари ўзаро ҳамкорликда турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказиб келмоқда. 

Вилоятдаги миллий маданий марказлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришлари учун Самарқанд шаҳрида “Дўстлик уйи” ташкил этилган. Бу ерда турли маданий тадбирлар, дўстлик кечалари ўтказиш, ижодий учрашувлар ташкил этиш учун зарур шарт-шароит яратилган. Бинодаги музейда ҳар бир миллий-маданий марказ учун алоҳида бўлимлар ташкил этилган ва жиҳозланган. 
Миллий маданий марказлар қошида ташкил этилган рақс, ашула ва чолғу ансамбллари эса турли миллат маданиятини янада ривожлантириш ва келгуси авлод вакилларига етказишда жуда муҳим ўринни эгаллайди. “Дўстлик уйи” учун вилоят ҳокимлиги томонидан берилган автобусдан миллий-маданий марказлар самарали фойдаланиб, юртимиз бўйлаб саёҳатларга чиқишади. Вилоят миқёсидаги тадбирларда иштирок этишади.

Халқлар дўстлиги куни муносабати билан кеча Самарқанд туманидаги “Конигил туризм қишлоғи”да немис миллий-маданий маркази томонидан маданий тадбир ўтказилди.

– Бир неча миллат вакилларининг бир мамлакатда тотув истиқомат қилиши ўша давлатнинг бағрикенг сиёсати, барча миллат вакилларига ўзаро ҳурмати натижасидир, – дейди Самарқанд немис миллий маданий маркази раҳбари Наталья Кайзер. – Шу юрт фуқароси сифатида 2017 йилда “Шуҳрат” медалига сазовор бўлганимдан фахрланаман. Бугун Самарқандда истиқомат қилаётган юзлаб немис диаспораси вакиллари билан миллий байрамларни ўтказиб борамиз. Шунингдек, юртимизда нишонланадиган Наврўз, Мустақиллик байрам сайилларида ва бошқа тадбирларда, ўзга миллатларнинг турли маросимларида қатнашамиз. Байрамларни биргаликда нишонлаймиз. Бугунги тадбиримизда ҳам ўзимизнинг қадриятларимизни намойиш этдик, миллий куй қўшиқларимиз, рақсларни ижро қилдик. Хотин-қизларимиз немис миллий каштачилик намуналарини кўрсатди. Фарзандларимиз дўстлик мавзуида суратлар чизишди. Тадбиримизга бошқа миллий-маданий марказлар вакилларини ҳам таклиф қилдик ва уларнинг ташрифидан бошимиз осмонга етди.

Самарқанд азалдан кўп миллатли замин бўлиб келган. Халқимиз барча миллатлар вакиллари билан дўстона, ўзаро ҳурмат муҳитида яшаб келмоқда. Шунинг учун бўлса керак, бу ерда урф-одат, анъаналар ҳам бир-бирига уйғун, бир-бирини тўлдиради.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА