English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд туризм маркази – Euronews телеканали нигоҳида
11:23 / 2022-09-06

Ўзбекистоннинг қадимий кентларидан бири бўлган Самарқандда “Silk road Samarkand” янги туризм маркази хорижлик меҳмонлар ва сайёҳлар учун ўз бағрини очди. Euronews телеканали ўзининг “Focus” саҳифасида ушбу замонавий сайёҳлик мажмуаси ҳақида репортаж тайёрлади ва намойиш этди. Унда мажмуа билан яқиндан танишиш имконияти мавжуд ва лойиҳани рўёбга чиқаришга бевосита дахлдор инсонлар билан мулоқот қилинган.

Галина Полонскаянинг Самарқанддан олинган сюжети ойлик томошабинлар қамрови қарийб 15,2 миллион кишини ташкил этувчи энг оммабоп саналган Euronews халқаро ахборот телеканалида анча юқори намойиш кўрсаткичига эришди. Бу бежиз эмас, албатта. Репортажда Самарқанд туристик маркази замонавий конгресс-маркази, “Абадий шаҳар” тарихий-этнографик хиёбони, гаштак (балиқ тутиш учун сунъий кўл), мусиқали фонтан ўрнатилган марказий сайлгоҳ, “Eco Village” алоҳида коттежлар мажмуаси, шунингдек xалқаро таснифланган брендлар остидаги 8 та меҳмонхонани бирлаштирган улкан кўп тармоқли мажмуа сифатида тез орада Ўрта Осиё туризм секторидаги референт марказига айланади, дея таърифланади.  



Европа оммавий ахборот воситаларида таъкидланишича, айнан “Silk road Samarkand” мажмуаси келгусида Самарқанд шаҳрида туризмни янада ривожлантиришда куч ва суръат бағишловчи омил бўлиб хизмат қилади.  

– Бу биз учун катта аҳамиятга молик воқеа. Беқиёс Самарқанд шаҳрига, Ўзбекистонга бутун дунёни меҳмонга чорлаш имконияти туғилганидан беҳад мамнунмиз, — дейди “Silk road Samarkand” Бошқарув компанияси бош директори Артём Егикян. – Мажмуага бағишланган 30 сониялик промо-роликнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги куни эфирга узатилишида ҳам ўзига хос тимсол бор. Биз илк сайёҳлар гуруҳини мана шу куз мавсумидаёқ кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқдамиз. Айни пайтда сентябрь ойи охиридан бошлаб очиқ саналарни брон қилиш тизими ишга тушиш арафасида. Ишончимиз комилки, меҳмонхоналаримиз ҳамда бутун марказ салоҳияти Самарқандга сайёҳлар оқими ҳажмини икки карра оширишга хизмат қилади. 

Моҳиятан Самарқанд туризм маркази ҳозирданоқ ишбилармонлик, маданий, тиббий ва гастрономик туризм объектларини бирлаштирувчи тармоққа айланиб улгурди. “Silk road Samarkand” фаолияти доирасида минтақада туризм йўналишида мутлақо янги шаклдаги маҳсулот тақдим этилмоқда.  



Бу ерда, Самарқандда илк бора 5 юлдузли меҳмонхоналар ишга тушди, ўхшаши йўқ яшил хиёбон яратилди. Энг аҳамиятли ҳамкорларидан бири Хитойнинг Minyoun Hospitality меҳмонхоналар тармоғи бўлди. Ушбу тармоқ Марказий Осиёдаги илк меҳмонхоналарини айнан Самарқанд заминида очмоқда. 

Ўтмиш ва келажакни боғлаб турувчи тимсолий кўприк репортаж томошабинини “Silk road Samarkand”нинг юрагига – миллий меъморчилик, ҳунармандчилик ва устакорлик анъаналари акс этган “Абадий шаҳар”га етаклайди. Бу мажмуа моҳир усталар, рассомлар, ҳунармандлар, ёғоч ўймакорлари, кулоллар ва наққошлар – Ўзбекистон халқи қодир бўлган энг асл неъматларнинг бор негизи ва моҳияти намойиши сифатида ҳар бир хорижлик меҳмонда катта қизиқиш уйғотади. 



“Абадий шаҳар” мажмуасида 100 дан ортиқ халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати вакилларининг устахоналари жойлашади. Улар ўзбек кулолчилик, ўймакорлик, ипакчилик намуналари, миллий либослар ва сувенирлар, сўзаналар ва гиламларни шу ернинг ўзида яратадилар. Шунингдек, бу ерда таниқли рассомлар ва дизайнерларнинг устахоналари ҳамда шоурумларига ҳам ўрин берилган. “Абадий шаҳар”даги майолика коллекцияси мутлақо бетакрор, уни яратишда мавжуд тарихий иншоотларнинг ҳеч биридан андоза олинмаган. 

Янги Самарқанд ва туризм соҳасида янги имкониятлар тимсоли бўлмиш ушбу кенг кўламли лойиҳа келгусида бутун Марказий Осиёнинг диққатга сазовор иншоотига айланишига ҳеч шубҳа йўқ. 

Д.Маматова,  
ЎзА мухбири