Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд темирйўл вокзалида қўшимча қулайликлар яратилди
17:56 / 2022-09-13

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига кенг кўламли тайёргарлик кўрилди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Самарқанд темирйўл вокзалида ҳам маҳаллий йўловчилар, вилоят меҳмонлари ва саммит иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг туризм, реклама ва маркетинг тадқиқотлари агентлиги бошлиғи Ҳусан Маликовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 12-18 сентябрь кунлари Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйича қўшимча 7 та рейсдан иборат “Афросиёб” тезюрар электропоездлари қатнови йўлга қўйилди. Натижада жами 4 минг нафарга яқин йўловчиларни пойтахтимиздан Самарқанд вилоятига олиб келиш имконияти яратилди. Унга кўра, 1 кунда энди 5 та тезюрар электропоезд Тошкентдан қадимий кент Самарқандга қатнайди. Шу билан бирга, “Тошкент –Самарқанд – Бухоро” йўловчи поездларига 2 тадан қўшимча вагонлар уланди.

Ҳозирги таҳлилларга кўра, бир кунда 2 минг нафарга яқин йўловчи келмоқда. Бундан ташқари, саммит арафасида вокзалнинг ички ва ташқи қисми шарқона қиёфага келтирилди. Айниқса, илгарилари 3 босқичли бўлган кўздан кечириш пунктлари энди бир жойда, вокзалга кираверишда жойлаштирилди. Бундан кўзланган мақсад йўловчи ва юкларни текшириш, чипталарни назорат аппаратларидан ўтказиш, печат босиш каби барча жараёнлар яхлит бир жойга жамланди. Электрон харид қилинган чипталарни ҳақиқийлигини текширувчи мосламаларнинг натижаси махсус экранларга узатилади. Ҳаммаси жойида бўлса йўловчилар вокзал орқали поездга кузатилади.

[gallery-8757]

– Мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим, – дейди Буюк Британиядан келган, Ноттингем университети талабаси Самуел Мейер. – Дўстларим билан икки ҳафтадан буён юртингиздаман. Тошкент, Хива ва Бухорода бўлдик. Энди Самарқанд шаҳарига саёҳат қиляпмиз. Тўғрисини айтсам ҳар бир шаҳар биз, кутганимиздан ҳам зиёда экан. Сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар эса юксак даражада.

Вокзалда ШҲТ саммити иштирокчилари учун қўшимча кассалар ташкил этилди. Бу ерда бир кунда юзлаб мижозларга хизматлар кўрсатилади. Тез ёрдам машиналари ва тиббиёт хоналари доимо шай ҳолатга келтирилган. Саммит муносабати билан юқори мартабали меҳмонлар, турли ташкилотлар раҳбарлари ва хорижлик делегациялар аъзоларига махсус кутиш заллари мавжуд. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатилади.

Самарқанд темирйўл вокзали майдонида жойлашган фавворани кўрган кишининг кўзи қувнайди. Унинг атрофида ШҲТ саммити иштирокчи давлатларининг байроқлари ўрнатилган. Ҳозир бу жой йўловчилар ва ҳудуд меҳмонларининг севимли ҳордиқ чиқарадиган масканига айланган. Фавворадан маржон сингари томчиларнинг ўйноқлаб тушиши, этларни жунбушга келтирадиган шабадаси қалбларга хушнудлик, завқу шавқ улашмоқда.

А.Мусаев, А.Исроилов (сурат), ЎзА.