Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Х.Турсунов иштирокида ўтказилган брифингда вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2025 йилнинг 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, ўтган даврда иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 56421 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилган. Шундан 53967 та даъво қаноатлантирилган, 1939 та даъво рад қилинган, 309 та ариза кўрмасдан қолдирилган (81 та иш тарафлар медиатив келишув тузганлиги сабабли), 206 та (66 та иш бўйича тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли) иш юритишдан тугатилган.
– Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 минг 686 тага кўпайди, – деди Х.Турсунов. – Иқтисодий ишларнинг 50 минг 128 таси (89 фоизи) маъмурий ҳуқуқий, 5748 таси (10 фоиз) фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлди. Иқтисодий ишларнинг 46 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан юқори инстанцияларида 521 та иш кўрилди ва улардан 391 тасида биринчи инстанция судлари ҳужжати ўзгаришсиз қолдирилди, 76 таси бекор қилинди ва 54 таси ўзгартирилди. Иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилиб, даъво қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 952 миллиард 622 миллион 681 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида эса 2627 та иш кўрилиб, 2286 таси қаноатлантирилган.
Брифингда қайд этилишича, бугунги кунда туманлараро, (шаҳар) иқтисодий судларида 12 нафар судья фаолият юритади ва уларнинг ҳар бирига бир ойда ўртача 521,7 та иқтисодий иш тўғри келган. Вилоят судидаги иқтисодий ишлар бўйича бир судья эса бир ойда ўртача 11,1 та иқтисодий иш кўрган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири