English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд шаҳрида сув таъминоти яхшиланмоқда
15:44 / 2025-10-01

Абу Даби жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича 2 та сув иншооти, 6 та насос станцияси, 11,2 километр сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида 31,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 сентябрдаги “Абу Даби жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида йил бошидан буён 6,8 миллион доллар маблағ молиялаштирилиб, 5,4 миллион доллар ўзлаштирилди.  

– Ўтган давр мобайнида “Чўпон ота” ва “Даҳбед” сув иншоотларида (Д-300-1400) 12,5 километр қувур, электр тармоқлари ва трансформаторлар монтаж қилиниб, биноларнинг пойдевор қисмини изоляция қилиш ишлари амалга оширилди, – дейди “Самарқанд сув таъминоти” АЖ Самарқанд шаҳар филиали масъул ходими Самандар Исматов. –  Шунингдек,  иншоотлардаги 30 та сув қудуғи бурғуланиб тозаланди. Айни пайтда “Чўпон ота”, “Даҳбед” ва “Лев Толстой” сув иншоотлари, “Гормолзавод”, “Микрорайон “А” ва “Б”, “Мўлиён”, “Беруний” ва “Сўғдиёна” насос станцияларини реконструкция қилиш ишларини якунлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда. Шаҳарнинг Буюк ипак йўли ва Тараққиёт кўчалари кесишмасида Д-500 миллиметр бўлган сув тармоғи “Микрораён “А” ва “Б” насос станциясига борадиган сув тармоғига ҳамда Сўғдиёна насос станциясидан чиққан Д-200 миллиметр бўлган сув тармоғи магистраль сув тармоғига уланди. Сўғдиёна насос станциясида таъмирлаш, жиҳозларни янгилаш ишлари амалга оширилди. Бу ишлар натижасида шу пайтгача соатбай тарзда ичимлик суви олган 20 та маҳалладаги 42 минг аҳоли доимий тоза ичимлик сув билан таъминланди. Айни пайтда Фарҳод шаҳарчасидаги иккита маҳалладаги кўп қаватли уйларда яшовчи бир минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминотини ҳам узлуксиз тизимга ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Абу Даби жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни “MESMER-EAST” МЧЖ ва “GÜÇLÜ INŞAAT” пудратчи ташкилотлари амалга оширмоқда. Қурилиш ва реконструкция ишларига Эрон, Туркия ва Хитой мамлакатларидан мутахассислар жалб қилинган.

[gallery-25562]

– Самарқанд шаҳрида аҳоли кўп, шу боис одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда иншоотларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини бутун дунёда тан олинган Германия ва Англия технологиялари асосида олиб боряпмиз, – дейди “MESMER-EAST” МЧЖ бош технологи Довиди Бобои. – Бу технологиялар орқали камида 50 фоиз электр энергияси ва қарийб 80-90 фоиз ичимлик суви тежалади. Асосий ишни техника бажаради ҳамда мутахассислар назорат қилиб боради. Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ якунланади, жорий йилда эса “Сўғдиёна”, “Лев Толстой”, “Гормолзавод” насос станцияларида реконструкция ишларини тугатиб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари