Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд шаҳри куни нишонланмоқда
10:25 / 2025-10-18

Бугун, 18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни. 1996 йил ушбу санада қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда соҳибқирон Амир Темурнинг салобатли ҳайкали очилган ва шаҳар биринчи рақамли Амир Темур ордени билан мукофотланганди. Ва бу кун шаҳар куни деб белгиланган эди.

Анъанага мувофиқ, дастлаб Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев бошчилигида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. Сўнгра буюк жаҳонгир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

[gallery-25783]

– Уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд ҳамма вақт дунё аҳлининг нигоҳида бўлган, ер юзининг сайқали деб эътироф этилган, – дейди Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров. – Ҳамма замонларда ҳам одамлар бу шаҳарга талпинган, бу ердан илм-маърифат, маданият ўрганган. Шунинг учун ҳам Самарқанд кўп улуғ алломаларимизга бешик бўлган, уларни камолга етказган. Бу анъаналар бугун ҳам давом этиб, қадимий шаҳримиз замон билан уйғун ривожланмоқда, сиёсий мулоқотлар майдони, маданият марказига айланмоқда. Деярли ҳар куни халқаро тадбирлар, фестиваль ва анжуманларга мезбонлик қилмоқда. Бу саналар, тадбирлар орасида 18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунининг аҳамияти бошқача, албатта.  

Шаҳар куни муносабати билан бугун Самарқандда бир қатор янги объектлар – кўп қаватли тураржой биноси, улкан савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси, меҳмонхона ва ресторан, ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилади.

Кун давомида шаҳардаги маданият ва истроҳат боғлари,  хиёбонларда маданий дастурлар, концерт томошалари намойиш этилади.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари