French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд сари олтин йўл
14:50 / 2022-09-29

Англиянинг молиявий ва бизнес янгиликларни ёритишга ихтисослашган «City A.M.» газетасида «Самарқанд сари олтин йўл» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсон қаламига мансуб бўлган ушбу мақолада, Самарқандда қурилиб фойдаланишга топширилган «Silk Road Samarkand» халқаро сайёҳлик маркази ва «Абадий шаҳар» мажмуаси ҳақидаги муҳим маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

«Мен Самарқандга илк бор бундан 15 йил аввал борган эдим, деб ёзади Софи Ибботсон. Ўшанда шаҳарда мен ва уч дўстимдан бошқа ғарблик сайёҳлар йўқдек туюлди. Регистон миноралари ва Шоҳи-Зинда ансамбли бизнинг ихтиёримизда эди. Агар ўшанда менга Самарқанд охир-оқибат дунёдаги энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бирига айланишини айтишганида, бунинг иложи йўқ, деган бўлар эдим».

Муаллифнинг таъкидлашича, у 2022 йилнинг ёзида Самарқандга яна келган. «Дунёнинг етакчи ОАВ Ўзбекистонни «саёҳат қилиш учун энг яхши маскан», деб эътироф этмоқда, мамлакатда собиқ иттифоқ давридаги бюрократияга барҳам берилди, визасиз режим ўрнатилди, Британиянинг «SAGA» сайёҳлик компанияси турпакетларни ташкил қилмоқда, деб ёзади у. Ипак йўлининг Самарқанд, Бухоро ва Хива йўналиши 50 ёшдан ошган британияликлар учун ўзгача таассурот бағишлайди. Мен бу ўзгаришлардан ҳайратдаман. Туризм жадал суръатлар билан ривожланмоқда, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг учинчи ренессанс даври пойдеворини тарғиб қилмоқда, Самарқанд эса янада гуллаб-яшнамоқда».

Мақолада Самарқанднинг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани алоҳида қайд этилган. Аниқ кўрсатмалар нимани қуриш, қайта қуриш ёки ўзгартириш мумкинлиги учун жуда зарур. Самарқанд марказидаги туристик инфратузилмани ўзгартиришга рухсат берилмайди, чунки бу зарар келтиради. «Шаҳарнинг шарқий қисмидаги собиқ эшкак эшиш канали атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш мантиқий қарор бўлди. Лойиҳа атиги икки йил ичида амалга оширилди, дейди муаллиф.

Самарқанднинг «Абадий шаҳар» мажмуаси ва «Буюк Ипак йўли» сайёҳлик марказининг очилишига бағишланган ажойиб маросим 23 августь куни бўлиб ўтди. Тадбир раққосаларнинг гўзал чиқишлари, лазер шоулари, фейерверклар ва бошқа кўплаб маданий чиқишлар билан ёдда қолди.

Қурувчилар икки ой олдин ҳали ҳам қурилиш майдончаси бўлган ушбу объектни якунлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Чунки қурилиш муддатини кечиктиришнинг имкони йўқ эди. ШҲТга аъзо барча давлатлар раҳбарлари ва кузатувчилар, шунингдек, уларнинг делегациялари сентябрь ойининг ўрталарида бу ерга келиши режалаштирилган эди. Муаллифнинг ёзишича, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда давлат раҳбари сифатида сайланганидан кейин мамлакат қанчалик очиқлик сари юз тутганини яна бир бор кўрсатди.

«Самарқанднинг «Абадий шаҳар»и Режеп Эрдоған ва Си Цзиньпинда илиқ таассурот қолдирди, – деб ёзади нашр. –  Биринчи таассурот жуда муҳим. ШҲТ саммитининг деярли барча иштирокчилари жорий йил бошида модернизация қилинган ва Деҳли, Дубай ва Москвадан атиги уч соатлик парвоз бўлган Самарқанд халқаро аэропортига етиб келишди. Янги халқаро терминал концепцияси Самарқанднинг илм-фан ва санъат маркази сифатидаги ўрта асрлар тарихидан илҳомланиб яратилган. Терминал биноси очиқ китоб шаклида бўлиб, унинг саҳифаларида XV аср астрономи Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар жадвалидаги баландликдан кўриниб турган юлдуз туркумлари тасвирланган, дейилади мақолада.

Маълумот учун, «City A.M.» босма ва онлайн нашрининг ойлик аудиторияси 3 миллиондан зиёд ўқувчини ташкил этади.

 

ЎзА