Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуасида Самарқанд ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва саноатчилар форуми иш бошлади.
Кўргазманинг очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирок этиб, навбатдаги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси вилоят маҳаллий саноати салоҳиятини кўрсатиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик келишувлари тузиш, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шундан сўнг, 2024 йил якуни бўйича “Саноат корпорацияси соҳасида йилнинг энг намунали корхонаси”, “Маҳаллийлаштириш дастурининг энг намунали корхонаси”, “Саноат соҳасида энг намунали экспортёр корхона”, “Йилнинг энг намунали бренди” номинациялари ғолиблари тақдирланди.
Кўргазмада 70 дан ортиқ корхонанинг электротехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат, гилам ва бошқа 2 мингдан зиёд маҳсулотлари, туризм ва бошқа йўналишлардаги хизматлари, олий таълим муассасалари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари намойиш этилмоқда.
[gallery-undefined]
– Бу йил олтинчи марта ташкил этилаётган мазкур форумда вилоятимиз тадбиркорлари билан бирга Жиззах ва Фарғона вилоятларидан ҳам ишлаб чиқарувчилар, ишбилармонлар қатнашмоқда, – дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Бу ерда тадбиркорлар нафақат маҳсулот ва хизматларни сотиш ва харид қилиш бўйича шартнома имзолашади, шу билан бирга божхона, статистика идоралари томонидан ўз иш фаолиятлари учун зарур маълумотларни олишлари мумкин. Тоғ-кон саноати ва геология қўмитаси вилоят бошқармаси эса вилоятдаги конлар, минерал ресерслар бўйича, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналари дирекцияси мавжуд бўш ер майдонлари ва уларда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ҳақида маълумотларни тақдим этмоқда. Икки кун давомида вилоят раҳбарлари ва маҳаллий саноат соҳалари вакиллари билан учрашувлар ҳам ўтказилади. Бу учрашувларда вилоятда озиқ-овқат, паррандачилик ва омухта ем тайёрлаш, гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника буюмлари ишлаб чиқариш бўйича муаммоларни муҳокама қилиб, уларга ечим топиш кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари