Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд саммити йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди
18:48 / 2022-09-23

Буюк тарихга эга Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити 2022 йилнинг энг муҳим ва йирик сиёсий воқеаларидан бири бўлди.

Пандемия сабабли ташкилот етакчилари сўнгги йилларда юзма-юз учрашув ўтказа олмасдан келаётган эди. Самарқандда давлат раҳбарлари яна юзма-юз учрашди ва ташкилот фаолиятини кенгайтириш, устувор соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган битим, концепция, дастур ва бошқа қарорлардан иборат 44 та ҳужжатни имзолади.

Ўзбекистон ШҲТга раислик қилишдек масъулиятли вазифани бажариш давомида асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди. “Ҳар биримиз кучли ва бирдам бўлсак, ШҲТ кучли бўлади” шиори остида ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорлар учун жозибадор бўлишига эришиш борасида ўтказилган йирик тадбирлар доирасида кўплаб муҳим масалалар кўрилиб, ўттиздан зиёд концептуал дастур, келишув ва қарорлар ишлаб чиқилишига асос бўлди. Кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг асосий мақсад ва вазифалари, жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган тамойилларда баён этилган. Шу жиҳатдан ушбу саммитни том маънода сиёсий, ҳуқуқий, самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи тарихий воқеа дейиш мумкин.

Саммитни бутун дунё катта қизиқиш билан кузатди ва эътироф этди. Тадбир доирасида Афғонистондаги минтақавий жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтилганлиги тобора жадаллашиб бораётган иқтисодий-ижтимоий ҳолатларга бефарқ қарамаган ҳолда барча ШҲТ давлатларини кенг жалб этиш Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотдаги яна бир устувор ёндашуви ҳисобланади. Шунингдек, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик, саноат ва технологиялар кооперацияси, рақамли тараққиёт ва яшил энергетика борасида қабул қилинган концептуал дастурлар, ташкилот фаолиятини ҳам мазмунан, ҳам шаклан янада бойитди.

Шу билан бирга Президентимизнинг нафақат иқтисодий соҳада, балки маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган таклифлари ҳам ижобий кутиб олинди. Хусусан, ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар таъсис этиш, маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш, ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш бўйича билдирган таклифлари шулар жумласидандир.

Албатта, бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатларига тенг жавоб берадиган ишончли ва кўп томонли халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, ушбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон ярата олди. Умуман олганда, бундай тузилмаларни ташкил қилиш, давлат раҳбарларининг юзма-юз мулоқотларини ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало барқарор тинчлик ва хотиржамликни қарор топтириш орқали дунё аҳолиси фаровонлигини таъминлашдир.

Самарқанд саммитида эришилган келишувлар шубҳасиз, шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Тажибай Романов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесидаги

ЎзМТДП фракцияси раҳбари.

ЎзА