Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд саммити туркий давлатлар ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очди
13:09 / 2022-11-12

Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари саммити нафақат минтақа халқлари, балки бутун дунё эътибор марказида бўлди. Саммит ҳақида халқаро экспертлар фикр-мулоҳазаларини баён этмоқда.

Пьер Томанн, Европа Халқаро муносабатлар институти геосиёсий тадқиқотлар директори (Бельгия):

– Ўзбекистоннинг ТДТдаги фаол иштироки турли давлатлар, иттифоқлар ва сиёсат ҳамда хавфсизлик институтлари орасидаги мувозанатни сақлаш мақсадида шакллантирилаётган кўп қутбли дунё мослашувига мувофиқ келади.

Турли ташкилотларда иштирок этиш барқарорлик даражаси юксалишига олиб келмоғи лозим. Ўзбекистон ўзининг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари билан бирга Евроосиё ҳудудида манфаатлар мувозанати билан “хавфсизликнинг бўлинмаслик тамойили” асосида барқарорликка эришиш нуқтаи назаридан халқаро муносабатлар ривожланишидан манфаатдор.

Марказий Осиёда ҳамкорлигининг янги жараёни Евроосиё архитектурасини яратишга ҳисса қўшмоғи лозим.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон барқарорликка, қудратли давлатлар ўртасидаги рақобатни камайтиришга ҳисса қўшаётганини исботлашга тайёр.

Сабоҳ АСЛАМ, Исломобод можароларни бартараф қилиш институти ижрочи директори (Покистон):

– ТДТнинг Самарқанддаги биринчи саммити кўплаб йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан жаҳон геосиёсати ва геоиқтисодиётида муҳим воқеа бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга.

Тошкентда ўтказилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик мавзусидаги халқаро конференция (2021 йил июль), Афғонистон бўйича конференция (2022 йил июль), шунингдек ШҲТ Самарқанд саммити (2022 йил сентябрь) мамлакат раҳбариятининг пухта ўйланган ва изчил ташқи сиёсати, изчил тараққиёт стратегияларининг бир-бири билан мантиқан боғланган қисмларидир.

Ушбу форумларнинг юқори формати, кун тартиби ва концепцияси минтақавий интеграция тенденциясини кучайтириш ва “COVID”дан кейинги давр иқтисодий ўсиш омилларини кучайтиришни кўзлайди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида транспорт ва логистика хизматини яхшилаш учун транспорт тизимида “рақамли йўлаклар”ни, транзит имкониятини кенгайтириш назарда тутилган. Шу маънода ТДТ давлатлари ва бошқа минтақалар мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида барча йўналишларда қулай транспорт йўлаклари яратишга қаратилган бўлиб, Тошкент “Термиз – Пешовар” (Жанубий Осиёга чиқиш) ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” (Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига товар оқимини тезлаштириш) темир йўлларини қуриш бўйича муҳим лойиҳаларни фаол амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Президентининг интеграцион ташаббуслари Транскаспий йўналиши имкониятини оширади ва “Осиё-Тинч океани минтақаси – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа” янги мультимодаль транспорт йўлагини яратишга хизмат қилади. Бу саъй-ҳаракат Марказий Осиёни глобал марказга, қуруқликдаги кўприкка айлантиради, халқаро юк транзити ва минтақа давлатларининг глобал таъминот занжирига чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан ТДТ Самарқанд саммити транспорт-логистика, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий интеграциянинг кенг кўламли йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш учун жаҳон геосиёсати ва геоиқтисодиётидаги муҳим воқеа бўлди.

Илгар ВЕЛИЗАДЕ, Жанубий Кавказ сиёсатшунослар клуби раҳбари (Озарбайжон):

- 2021 йил 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) саммити туркий тарих солномасидаги муҳим воқеа бўлди. Форумда Туркий Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га ўзгартирилди. Шундан бери ўтган бир йил ўзгаришга бой бўлди. ТДТнинг Самарқанддаги биринчи саммити туркий давлатлар ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очди.

Туркий Кенгаш ТДТга айлантирилгандан сўнг туркий интеграция кўламида ҳам сифат жиҳатидан, ҳам мазмунан тизимли ўзгаришлар юз бермоқда.

Хусусан, икки минтақавий ҳамкорлик формати – Туркия – Озарбайжон – Қозоғистон ва Туркия – Озарбайжон – Ўзбекистон шаклланди. Бу мамлакатлар ўртасидаги алоқани сезиларли даражада мустаҳкамламоқда, минтақавий миқёсдаги интеграцияни чуқурлаштирмоқда.

Туркий ҳамкорлик доирасидаги муносабатни ривожлантириш ҳақида сўз юритганда, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йил Ўзбекистонга уч марта ташриф буюргани ҳам қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтишни истардим.

ЎзА