Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд саммити ШҲТ тараққиётининг янги даврини бошлаб берди
16:07 / 2022-09-16

Мана икки кундирки, қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ушбу йиғилиш доирасида дунё етакчилари томонидан бугунги кунда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бир шароитда Самарқанд саммитининг ўтказилиши ижобий воқелик эканлигини эътироф этишди.

Ўзбекистон томонидан ушбу нуфузли тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, муҳим тадбир олдидан 212 гектар майдонда улкан «Боқий шаҳар» мажмуаси бунёд этилди.

Мажмуа ҳудудида «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази, 2 та беш юлдузли, 6 та 4 юлдузли меҳмонхона, 1 та Конгресс ҳолл ва 1 та карвонсарой бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон 2021-2022 йилларда пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, раислик режасини тўлиқ амалга оширишга муваффақ бўлди. Айни кунга қадар 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида саммит доирасида 40 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.

Хусусан, асосий тадбирларнинг илк кунида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар етакчилари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳамда бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди. Бугун эса куннинг биринчи қисмида ШҲТга аъзо давлатлар кенгашининг дастлаб тор доирадаги кейин эса, кенгайтирилган тартибдаги мажлислари ўтказилди.

Жумладан, саммитга раислик қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилот фаолиятини янада жонлантиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди.

Шунингдек, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш, уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномалар асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон томонидан халқаро даражада учрашув ва мулоқотларда илгари суриб келинаётган ташаббус —Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда биргаликда таъсис этиш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, кенгайтирилган тартибдаги мажлис доирасида яна бир қатор дунё етакчилари томонидан ҳам ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, рўй бераётган геосиёсий кескинликларни тўғри баҳолашга қаратилган ташаббуслар ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, дунё етакчилари томонидан минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларини йўлга қўйиш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, «яшил» ва экспресс-йўлакларни ташкил этиш, иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

 

Олтиной Мамирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати