Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд саммити: “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” мулоқоти Ўзбекистонга нима беради?
21:00 / 2025-04-02

Айни кунларда дунё давлатлари, халқаро ташкилот ва етакчи экспертлар ҳамда нуфузли оммавий ахборот воситалари нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Сабаби, апрель ойининг дастлабки ўн кунлигида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун халқаро сиёсий майдонда муҳим бурилиш нуқтасига айланувчи бир қатор нуфузли саммит ва форумлар ўтказилади.

Ана шулардан бири бу – 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидир. Ушбу саммит Ўзбекистон учун нафақат муҳим сиёсий воқеа, балки амалий имкониятлар манбаи ҳамдир.

Жумладан, тадбирнинг айнан Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро имижи ва нуфузини оширади. Хусусан, Саммитга мезбонлик Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлат сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Мамлакат ташқи сиёсатининг очиқ, прагматик ва мулоқотга тайёр эканини кўрсатади. 

Қолаверса, Европа Иттифоқи каби халқаро сиёсий ва иқтисодий кучлар билан мулоқотда тенг ҳуқуқли шерик сифатида иштирок этиш Ўзбекистоннинг дипломатик салоҳиятини мустаҳкамлайди. Бу билан мамлакат ўзини минтақадаги етакчи куч сифатида кўрсата олади, бу эса кейинги халқаро музокараларда сиёсий манёвр имкониятларини кенгайтиради.

Шу боис, Самарқандда ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро муносабатлар тизимида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. У нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, балки минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва сиёсий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Иқтисодий-ижтимоий ҳамда экологик соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири саналади. Чунки, Европа Иттифоқи 27 аъзо давлатдан иборат, дунёдаги энг йирик ягона бозор ҳисобланади. У нафақат иқтисодий қудрат, балки ҳуқуқий, технократ ва экологик стандартларни белгилайдиган глобал платформа сифатида ҳам тан олинган.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви ҳам Европа Иттифоқи учун Осиё бозорларига йўл очувчи муҳим кўприк ҳисобланади. Қолаверса, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон фақат ресурс етказиб берувчи эмас, балки интеллектуал ва иқтисодий шерик бўлишга тайёр бўлган давлат сифатида ривожланди.

Бугун Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда ижобий тенденциялар кузатилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларга етди, бу 2023 йилга нисбатан 5,2 фоизга кўп. Мамлакатимизда Европа капитали иштирокидаги мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, инвестиция лойиҳалари ҳажми эса 30 миллиард еврога етган.

Самарқад саммити доирасида савдо, саноат, логистика, энергетика соҳаларида янги лойиҳалар муҳокама қилинади. Бу орқали Европа мамлакатларидан инвестиция жалб қилиш учун янги платформалар яратилади. Қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергетика ва рақамли иқтисод соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилиши кутилаяпти.

Шунингдек, саммит транспорт ва логистика инфратузилмасини янгилаш, минтақани транзит хабга айлантириш йўлида қўллаб-қувватлаш имконини беради. Келгусида бу ҳамкорлик Тошкент – Самарқанд – Туркманбоши – Кавказ – Европа йўналишидаги транспорт коридорлари орқали Европа билан боғланиш имкониятини кенгайтириши ҳам мумкин.

Қолаверса, Самарқанд саммити Ўзбекистон ва минтақада атроф-муҳитни асраш ҳамда “яшил” лойиҳаларни кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Орол муаммоси, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашув каби масалаларда Европа тажрибаси ва маблағлари Ўзбекистон учун жуда катта аҳамиятга эга. Сабаби, бугунги кунда “яшил энергетика” Европа Иттифоқи учун устувор йўналиш, бу соҳада Ўзбекистон ЕИдан грант ва технологиялар жалб этиши мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистон таълим ва кадрлар алмашинуви соҳасида ҳам Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирда Тошкент шаҳрида Италиянинг Турин политехника университети, Германиянинг Гёте институти филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Францияга қилган ташрифи доирасида Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳамда француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома имзоланган эди.

Шу боис, таълим, фан ва ёшлар сиёсатини ривожлантиришда ҳам саммит доирасида самарали платформалар яртиш муҳим саналади. Мисол учун Erasmus+, Horizon Europe каби дастурларда Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, академик алмашинувлар, тил ўрганиш ва инновацион тадқиқотлар соҳаларида Европа Иттифоқи тажрибаси шулар жумласидандир.

Хавфсизлик ва минтақавий барқарорлик масалаларидаги ҳамкорлик

Бугунга келиб, Европа Иттифоқининг минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалаларидаги иштироки ҳам кенгайиб бормоқда. Бу сўнгги йиллардаги минтақа давлатлари ва расмий Брюссель ўртасидаги муносабатлар илиқлашуви билан боғлиқ.

Хусусан, кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларини ҳам кўпроқ ҳисобга олиши сиёсат, хавфсизлик, савдо, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларда ҳар томонлама ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш имконини бермоқда.

Яна бир муҳим жиҳат Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳам мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Брюссель сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг бешта давлати билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоламоқда. Ҳозирга қадар Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон Европа Иттифоқи билан бундай шартномаларни имзолаган бўлса, Тожикистон ва Ўзбекистон ушбу ҳужжатни имзолаш бўйича ишларни якунламоқда.

Умуман олганда, Самарқанд саммити Ўзбекистон учун нафақат дипломатик ютуқ, балки иқтисодий, ижтимоий ва экология соҳаларда ҳам ривожланиш драйверидир. Бу мамлакатнинг Европа билан алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаши ва халқ учун амалий фойда келтирадиган ташаббусларга айланиши мумкин.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти, халқ депутатлари Арнасой тумани Кенгаши депутати.

ЎзА