French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд қоғози – ўрта асрларнинг машҳур бренди
08:53 / 2025-12-13

Бугун биз қоғозни оддий, кундалик буюм деб биламиз. Аммо тарихда шундай даврлар бўлганки, бир варақ қоғоз олтинга тенг бўлган.

Милодий VIII асрда содир бўлган бир воқеа дунё интеллектуал тарихини тубдан ўзгартириб юборди. Бу воқеа Самарқандда юз берди. Ўша пайтгача аксарият кишилар оғир лой тахтачаларга, қимматбаҳо пергамент (тери)ларга ёки мўрт папирусларга ёзишга мажбур эди. Самарқандлик усталар Хитойдан келган асирлар орқали қоғоз ишлаб чиқариш сирини ўрганиб, уни такомиллаштирдилар ва асрлар давомида Самарқандни дунёнинг “қоғоз пойтахти”га айлантирдилар. 

Тарихий манбалар шуни тасдиқлайдики, Марказий Осиёда китобчилик маданияти жуда қадимдан шаклланган. Аммо қоғознинг кириб келиши ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлди. Хитойда ихтиро қилинган қоғоз, 751 йилдаги Талос жангидан сўнг Самарқандга кириб келди. Хитойлик қоғозрез усталар Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш устахоналарини ташкил этдилар. Аммо самарқандликлар шунчаки нусха кўчирмадилар. Улар маҳаллий хомашё – тут дарахти пўстлоғи ва пахта толасидан фойдаланиб, қоғоз сифатини шу даражага кўтардиларки, у “Самарқанд қоғози” бренди остида бутун дунёга машҳур бўлди.

Самарқанд қоғозининг ўзига хослиги нимада эди? У ўта силлиқ, икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлган, сиёҳни ўзига яхши шимадиган ва энг муҳими – асрлар давомида сарғаймайдиган ва чиримайдиган хусусиятга эга эди. Шу сабабли X – XIX асрлар давомида нафақат Мовароуннаҳрда, балки Хуросон, Эрон, Ироқ ва Мисрда битилган энг нодир қўлёзмалар айнан Самарқанд қоғозига ёзилган. Манбаларда айтилишича, Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш шунчалик ривожланганки, у Балх, Бухоро ва Тошкент қоғозларидан устун қўйилган.

Китобчилик санъатида қоғознинг ўрни беқиёс эди. Агар авваллари китоблар терига ёзилган бўлса (бу жуда қиммат ва оғир эди), Туронда қоғознинг пайдо бўлиши китобни енгил, ихчам ва арзон қилди. Бу эса илм-фаннинг, айниқса, математика, астрономия ва адабиётнинг ривожланишига туртки берди. Абу Райҳон Берунийнинг асарлари, Ибн Синонинг тиббий рисолалари айнан шу қоғозларда битилган. Самарқанд қоғози бўлмаганда, балки Улуғбекнинг “Зиж”и ёки Навоийнинг “Хамса”си бизгача етиб келмаган бўлар эди.

Китоб яратиш жараёнининг ўзи ҳам бир санъат асарига айланди. Матнни кўчирувчи котиб (хаттот), саҳифаларни безовчи музаҳҳиб, муқовасоз саҳҳоф – буларнинг барчаси бир жамоа бўлиб ишлаган. Қизиқарли бир деталь: китоб саҳифаларини ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун қоғоз таркибига махсус гиёҳлар суви қўшилган ёки саҳифалар орасига товус патлари қўйилган. Бу китобнинг узоқ сақланишини таъминлаган. Муқовалар эса нафақат китобни ҳимоя қилган, балки унга эстетик кўрк берган. Тери муқовалар босим усулида нақшланган, баъзан эса олтин суви юритилган.

Самарқанд қоғозининг яна бир сири – унинг пардозланишида эди. Қоғоз сирти махсус тош ёки шиша билан ишқаланиб, кўзгудек ялтироқ ҳолга келтирилган. Бу хаттот қаламининг қоғоз устида сирпаниб, гўзал хатларни битишига имкон берган. Ҳатто Европа давлатлари ҳам узоқ вақт давомида Самарқанд қоғозини сотиб олишга ҳаракат қилганлар. Амир Темур ва Темурийлар даврида қоғоз ва китоб санъати ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Султон Али Машҳадий каби буюк хаттотлар айнан шу қоғозларда ўз санъатини намойиш этганлар.

Самарқанд қоғози шунчаки ёзув воситаси эмас эди. У цивилизациянинг қон томири эди. X асрдан XIX асргача бўлган даврда, қоғоз ишлаб чиқариш технологияси деярли ўзгармади, аммо унинг сифати ҳамиша юқори бўлиб қолди. Фақат XIX асрнинг иккинчи ярмида, Россия империяси босқинидан сўнг, арзон ва сифатсиз фабрика қоғозининг кириб келиши билан маҳаллий қоғозга бўлган талаб камайди ва бу ноёб ҳунар секин аста йўқликка юз тутди. 

Бугунги кунда Самарқандда қайта тикланган қадимий қоғоз устахонаси – бу ўтмишга ҳурмат ва аждодлар даҳосига таъзимдир. Зеро, Самарқанд қоғози дунё илм-фанини зулматдан ёруғликка олиб чиққан кўприк вазифасини ўтаган. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА