Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд нуфузли анжуманлар арафасида (+видео)
19:41 / 2024-08-21

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Самарқанд яна дунё аҳли эътибор марказида турибди. Келгуси ҳафта қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Фестивал арафасида эса Самарқанд илк бор байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати, шунингдек, “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессига мезбонлик қилади. 7-8 сентябрь кунлари эса триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси режалаштирилган.

Айни пайтда шаҳарда мазкур халқаро тадбирларга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов қуйидагиларни гапириб берди.

– Самарқанд бугун байрамлар оғушида, – дейди Р.Қобилов. –Аҳоли гавжум масканлар, истироҳат боғлари, бозорлар, кўчалар, йирик иншоотлар байрам руҳига мос безатилмоқда, халқимиз ҳам бу тадбирларга руҳан тайёргарлик кўрмоқда. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг беш йиллик танаффусдан сўнг яна Самарқандда, Регистон майдонида ўтказилишини юртдошларимиз ва хорижликлар ҳам илиқ кутиб олди. Ушбу мусиқа байрам яна Самарқандга қайтгани кўпчиликни қувонтирди. Бу йилги ўн учинчи фестивалда 82 давлатдан 300 га яқин иштирокчи – мусиқашунос олимлар, санъаткорлар, ижодий гуруҳ ва ансамблар келиши кутилмоқда.

Шунингдек, 23-26 август кунлари Самарқандда биринчи марта байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Унда 88 давлатдан 500 дан ортиқ спортчи келмоқда. 

Умуман, кейинги пайтда Самарқандда сув спорти, триатлон бўйича халқаро талабларга мос инфратузилма яратилди. Буни халқаро спорт федерациялари, хорижлик мутахассислар эътироф этмоқда. Чунки, мазкур тадбирлар саноқли давлатлардагина ўтказилади. Ҳатто, ушбу спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун халқаро сертификатга ҳам сазовор бўлдик.

Триатлон мураккаб спорт тури. Бир пайтнинг ўзида югуриш, сузиш, велопойгани ўз ичига олади. Бунинг учун хавфсиз ва халқаро талабларга мос инфратузилма, шароит бўлиши лозим. Ўтган йил триатлон федерацияси вакиллари мавжуд имкониятлар, спортчилар учун яратилган қулайликларни кўриб, 2024 йилда жаҳон чемипонатини ҳам Самарқандда ўтказишни режалаштирганди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bh_z7EFQctw" title="Samarqand nufuzli anjumanlar arafasida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Май ойида триатлон ва паратриатлон бўйича Осиё чемпионатини ўтказдик. Унда дунёга машҳур 300 дан зиёд спортчи иштирок этди. 

Триатлон мусобақаларининг Самарқандда ўтказилаётганининг яна бир сабаби велоспорт ва югуриш учун мавжуд трассамизнинг ўзига хослигидир. Яъни бошқа халқаро мусобақалардан фарқли жиҳати, трасса туризм маркази ва 7 та тарихий маданий ёдгорлик атрофини ўз ичига олади. Айни хусусияти билан дунёдаги триатлон учун қулай саноқли трассалар қаторига киритилган. Шу пайтгача бундай нуфузли мусобақалар асосан дунёдаги тўрт давлатда ўтказилар эди. Ўзбекистон бу мамлакатлар орасида бешинчи бўлди. Бу ҳам юртимизда спортни ривожлантириш билан бирга туризм тараққиётига хизмат қилади.

Бундан ташқари, ушбу тадбирлар Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллигига уланиб кетади. Ҳозир энг улуғ, энг азиз байрамимизга ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, кўчалар безатилмоқда, театрлаштирилган дастурлар тайёрланмоқда. Асосий байрам тадбирлари 31 август куни кечки пайт Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатри ҳамда Қорасув массивидаги Янги Ўзбекистон боғида ўтказилади. 

Бугун Самарқанд нафақат тарихий ва қадимийлиги билан, балки замонавий хизмат кўрсатиш имкониятлари, ишбилармонлик ва бизнес, туризм марказига айланаётгани билан ҳам дунёга машҳур бўлмоқда. Йил-ўн икки ой халқаро форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Бу йил ҳам ҳали йил якунига қадар БМТнинг иккита катта йўналишдаги тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда.

2025 йилда эса ЮНЕСКОнинг 43-сессияси илк бор Париждан ташқарида, яъни Самарқандда ўтади. Яқинда ташкилот вакиллари келиб, тадбирлар ўтказиладиган жойлар, инфратузилма билан танишди ва уларнинг регламент талабларига жавоб бериши қайд этилди. Мазкур тадбир ҳам Самарқандни, юртимиз туристик имкониятларини яна бир бор дунёга тарғиб этиш учун катта имконият бўлади. Сессияда 198 давлат вакиллари, вазирлар, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича масъуллар келиши кутилмоқда. 

Мазкур тадбир жараёнида биз ҳам юртимиздаги бой тарихий-маданий ёдгорликларимизни намойиш этиш билан бирга уларни асраб-авайлаш борасидаги ишларимизни ҳам кўрсатиб бериш имкониятига эга бўламиз. Маданий мерос агентлиги билан биргаликда шарқона реставрация усуллари бўйича китоб тайёрлаш ва тақдимотлар ўтказишни режалаштирганмиз. 

Албатта, йирик тадбирлар, фестивал ва форумлар муносабати билан Самарқандга келувчи сайёҳлар оқими кўпаяди.

Хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали кунлари Самарқандга саёҳат қилишни режалаштирганлар сони бугун кун сайин ошиб бормоқда. Айниқса, Осиё ва Европа давлатларидан келадиган сайёҳлар кўп бўлади. Бизга Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжондан бадиий жамоалар, аввалги фестивалларда қатнашган санъаткорлар алоқага чиқиб, танловдан ташқари бўлса-да, ўз дастурларини намойиш этиш, “Шарқ тароналари”ни томоша қилиш учун келиш ниятида эканликларини билдиришди. Яна Италия, Франциядан ҳам сайёҳлар кўп бўлиши кутилмоқда. Фестиваль кунларида Истанбулдан қўшимча авиақатнов амалга оширилади. Шунингдек, Тошкентдан Самарқандга иккита авиақатнов ва битта қўшимча поезд йўлга қўйилади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари