Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан "Бобурийлар даври миниатюра санъати" номли кўргазма очилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов Бобур Мирзо шахсияти, асарлари ва сулоланинг миниатюра санъатининг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Кўргазмада Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасвирий санъат фондида сақланаётган бобурийлар даври миниатюра санъати намуналарининг кўчирма нусхалари намойиш этилди.


- Музейимизда темурийлар даврига доир 100 дан ортиқ миниатюра асарлари сақланмоқда, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси санъат бўлими бошлиғи Сафура Рўзимуродова. - Жумладан, бобурийлар даврига оид, машҳур рассомлар П.Винков ва М.Воронский қаламига мансуб 2 та рангтасвир ва 24 та миниатюра бугунги кўргазмада намойиш этилмоқда. Мазкур миниатюраларда бобурийлар даври, жанг тасвирлари ва асосийси, инсон сиймоси, унинг ички руҳий дунёсини ўзида акс эттирган лавҳалар тасвирланган.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА