Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Самарқанд майизи” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
17:45 / 2025-10-04

Қўшработ туманида илк бор “Майиз сайли” тадбири ташкил этилди.

Самарқанд вилоятининг кўплаб ҳудудларида узум етиштирилади. Мамлакатимизда мавжуд 181 минг гектар токзорларнинг 55 минг гектари Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятдаги токзорларнинг 44,5 минг гектарида майизбоп кишмиш, 6,9 минг гектарида хўраки ва 4,1 минг гектарида саноатбоп узум навлари экилган. Ўтган йил вилоят боғбонлари 663 минг тонна узум ҳосили олган бўлса, жорий йил бу рақам 700 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида Самарқанддан 2,7 млн долларлик 2 минг тонна узум ва 53,7 млн долларлик 34,2 минг тонна майиз маҳсулоти экспорт қилинган.

[gallery-25604]

Вилоятнинг Қўшработ тумани далаларида етиштирилаётган узум ва майиз маҳсулотларига нафақат юртимиз, ҳатто хорижда ҳам талаб юқори. Бугунги кунда тумандаги 13 минг 900 га яқин томорқа ва деҳқон хўжаликлари 7 минг гектардан ортиқ майдонда узум етиштирилади. Бу боғ-токзорлардан ҳар йили 50-55 минг тонна ҳосил олинади ва унинг катта қисми майиз қилинади ҳамда экспортга чиқарилади. Бир пайтлар фақат чорвачилик билан донг таратган Қўшработда бугунги келиб майизчилик асосий драйверга айланди. Шунинг учун Самарқандда илк бор ўтказилаётган “Майиз сайли” асл боғбонлар, маҳоратли майиз етиштирувчилар юрти бўлган Қўшработда ташкил этилди.

Тадбирда қўшработлик деҳқон ва фермерлар билан бирга юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам боғбон ва тадбиркорлар, узум етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар қатнашди.  

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев майиз сайли қатнашчиларини табриклаб, вилоятда узумчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.

Вилоят раҳбари айни пайтда Қўшработ, Иштихон, Пайариқ, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Тойлоқ туманларида узумчилик аграр соҳанинг асосий сердаромад тармоқларидан бирига айланганини қайд этиб, янги ва серҳосил узум навлари яратилаётгани, хорижга майиз экспорти йил сайин ошиб бораётганини таъкидлади.  

– Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб янги токзорлар барпо этилмоқда, инвитро усулида ток кўчатлари яратиляпти, – деди А.Бобоев. – Масалан, Қўшработда “Аватар”, “Гигант (Сирлибой)” каби узум навларини етиштириш кенгайди. Йил сайин бу навдаги токзорлар кўпайтириб борилмоқда. Токзорлардан самарали фойдаланиш ҳамда даромадни ошириш учун узумзорларни босқичма-босқич шпалерга кўтариш ишлари амалга оширилмоқда Янги экилаётган токзорларда томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, сув сарфи камида баробарга қисқармоқда ҳамда ўғитлаш жараёнлари осонлашмоқда. Энг муҳими, бу усул ҳосилдорлик ва сифатга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кундаги асосий вазифамиз узум етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиб, юқори даромад олишдир. Бунинг учун албатта илм, тажриба ва инновация керак. Бу борада ҳам туманларимизда амалий ишлар бошланди ва уни янада ривожлантириш чораларини кўрамиз.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Тошқулов “Самарқанд майизи” географик кўрсаткич, “Қўшработ майизи” товар белгиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганини маълум қилди. Бу ҳақдаги гувоҳномалар Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани ҳокимларига топширилди.

Майиз сайли бу фақат бозор эмас, ўзига хос ҳосил байрами эканлиги, анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларни меҳнатсеварлик, юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш ва, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантиришга туртки бериши таъкидланди ҳамда мазкур фестивални ҳар йили анъанавий тарзда ўтказишга қарор қилинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари