18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни
Самарқанд – жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлиб, кўп асрлар давомида ҳунармандчилик анъаналари ривож топган бебаҳо шаҳар ҳисобланади. Мисгарлик, кулолчилик, ипак тўқимачилик ва қоғоз ишлаб чиқариш каби соҳалар бу ерда нафақат моддий маданиятнинг бир қисми, балки халқ руҳи, сабри ва маҳоратининг ифодаси сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган.
Бугунги кунда ҳам Самарқанд ҳунармандлари яратаётган маҳсулотлар маҳаллий ва жаҳон бозорларида катта талабга эга. Сайёҳлар бу шаҳарга нафақат Регистон ёдгорлиги ёки Шоҳи Зинда мажмуасини кўриш учун, балки маҳаллий усталарнинг меҳнатига гувоҳ бўлиш мақсадида ҳам ташриф буюришади.
Самарқанднинг Конигил маҳалласида жойлашган “Мерос” қоғоз фабрикаси ҳозирги кунда сайёҳлар учун энг диққатга сазовор манзиллардан бирига айланган. Бу ерда усталар асрлар давомида йўқолиб кетган технологияларни қайта жонлантириб, тут дарахти новдаларидаги толалардан ҳақиқий Самарқанд қоғозини тайёрлайди.
Фабрика ишчиси Алишер Маматовнинг сўзларига кўра, бу ерда VII-VIII аср технологиялари асосида қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
– Биз қоғоз ишлаб чиқаришда қадимий усуллардан фойдаланамиз. Конигилда ўша замонларда юздан зиёд устахона фаолият юритган ва ҳар бири ўз муҳрига эга бўлган. Самарқанд қоғози жаҳонда энг сифатли маҳсулотлардан бири сифатида танилган. 1995 йилда маҳаллий ҳунарманд Зариф Мухторов ташаббуси билан бу анъана қайта тикланди. Ҳозирда “Мерос” фабрикасида қоғоз тайёрлаш жараёни тўлиқ қўл меҳнатига асосланган. Усталар пўстлоқни қайнатиб, туйиб, силлиқлаб, чиғаноқ ёрдамида ялтироқлик бергунича меҳнат қиладилар. Бу меҳнат маҳсули эса ўзига хос юмшоқлик ва жозибали рангга эга “ипак қоғоз”дир, – деди А.Маматов.
Фабрика ишчиси Ҳабиба Пўлатова эса асосан маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Унинг таъкидлашича, қоғоз ишлаб чиқаришдаги қадимий усуллар бу ерга келувчиларни ҳайратга солмоқда.
– Ҳар бир меҳмонларга қоғоз тайёрланиш жараёнини кўрсатамиз. Улар ўз қўллари билан тажриба қилиб кўриш имконига ҳам эга бўлади. Сайёҳлар бу ерда нафақат миллий анъаналаримиз билан танишади, балки дўконимиздан эсдалик совғалар ҳам харид қилади. Конигил 2020 йилда “туристик қишлоқ” мақомини олганидан сўнг бу маскан янада обод бўлди. Сиёб дарёси бўйидаги сайргоҳлар, ҳунармандлар устахоналари ва миллий ошхона меҳмонларга нафақат дам олиш, балки маданиятимиз билан яқиндан танишиш имконини яратади, – дея таъкидлади у.
Самарқанд ҳунармандчилигининг яна бир ифтихори – “Самарқанд –Бухоро ипак гилами” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Бу қўшма корхонада тайёрланадиган гиламлар табиий ипак толалари ва органик бўёқлар асосида тўқилади. Ҳар бир гилам ўзбек халқининг анъанавий нақшлари, табиат гўзаллигини акс эттирувчи ўсимлик безаклари ва табиий ранглар уйғунлигини мужассам этади
Фабрика 1992 йилда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда унинг учта филиали фаолият кўрсатмоқда. Корхонада 200 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Уларнинг аксарияти хотин-қизлардир.
Корхона ишчиси Гулноза Шукурованинг таъкидлашича, гилам тўқиш жуда катта сабр ва диққат талаб қиладиган меҳнатдир.
– Ҳар бир ипни тўғри боғлаш, ҳар бир рангни уйғунлаштириш майда тафсилотлардек туюлади, аммо айнан улар гиламнинг юрагидаги гўзалликни белгилайди. Мен бу ерда 1996 йилдан бери ишлайман ва ҳар бир гиламда ўз меҳримни қолдираман. Бугунги кунда корхонамизда тўқилган гиламлар нафақат маҳаллий бозорларда, балки хорижий кўргазмаларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Уларнинг нафислиги ва табиий жозибаси кўпгина сайёҳлар учун ўзбек ҳунармандчилигининг брендига айланган, – деди Г.Шукурова.
Мухтасар айтганда, Самарқанд ҳунармандчилиги – бу нафақат моддий маданиятимизнинг ажралмас қисми, балки халқимиз асрлар давомида шакллантирган меҳнат маданияти ва юксак зеҳнининг ифодасидир. Қоғоз, гилам, кулолчилик ёки мисгарлик бўладими, ҳар бир соҳада усталарнинг меҳри, ижоди ва миллий ғурури мужассам.
Бугун бу анъаналар замонавий инфратузилма билан уйғунлашиб, янги туризм йўналишларига ҳам хизмат қилмоқда. Самарқанд ҳунармандчилиги нафақат тарихий хотира, балки мамлакатнинг маданий қиёфасини дунёга намоён этаётган бетакрор меросдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Tghgh4su0Qk" title="Samarqand hunarmandchiligi sayyohlarni maftun etmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Анвархўжа Аҳмедов ( монтаж), ЎзА