Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари узр сўради
12:30 / 2021-12-30

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тизимидаги мансабдор шахсларнинг аҳоли томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар бўйича билдирилган фикрларига қўпол тарзда муносабат бўлгани кескин танқид қилинган эди.

Бугун “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида корхона раҳбари мазкур ҳолатга муносабат билдириб, “Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига қўпол муносабатда бўлган шахсларга нисбатан, тегишли интизомий чора кўрилди. Лекин бу нохуш ҳолат учун мен ўзим аҳолидан узр сўрайман” деди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, вилоятда сўнгги беш йилда паст кучланишли 3534,7 километр масофадаги узатиш тармоқлари реконструкция қилиниб, 1180 та трансформатор пунктлари ўрнатилди. Биргина жорий йилда 1159,2 километр узатиш тармоқлари янгиланди, 309 та трансформатор пунктлари янгидан қўйилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 86,5 километр узатиш тармоқлари ва 29 дона трансформатор реконструкция қилинди. Йил давомида вилоятда амалдаги барча дастурлар асосида нимстанциялардаги жами 12 та янги куч транфсорматор ўрнатилиб, юклама билан ишлаётган 19 та куч трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди. 3 та нимстанция янги қурилди ва натижада жами 163,5 МВА қўшимча қувват заҳираси яратилди. Вилоят истеъмолчиларига 825,4 мингта АСКУЭ ҳисоблагичлари ўрнатилди.

Матбуот анжуманида айни пайтда электр таъминотидаги узилишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

– Узилишларнинг асосий сабаби “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан қўлланилаётган чекловлардир, – деди Ғ.Маматқулов. – Миллий электр тармоқлари томонидан вилоятимиздаги истеъмолчиларнинг куз-қиш мавсумида электр энергияси истеъмоли 17750 минг кВт/соат қилиб белгиланган. Аммо бугунги истеъмолимиз 21000 минг кВт/соатгача бўлиши керак. Шу сабабли жамиятнинг топшириғига асосан ишлаб чиқилган махсус жадвалга асосан вилоят истеъмолчиларига нисбатан бир соатда 355 минг кВт/соат чеклов қўлланилмоқда.

Матбуот анжуманидан сўнг уюштирилган пресс-турда журналист ва блогерлар тизимда амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА