Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд давлат университетида қозоқ тили ва адабиёти бўлими ташкил этилди
20:06 / 2024-10-21

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Абай номидаги Фан ва маданият маркази ҳамда қозоқ тили ва адабиёти бўлими очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бебут Атамкулов, икки давлат олий таълим соҳаси масъуллари, Абай номидаги Миллий педагогика университети ва Самарқанд давлат университети раҳбарлари қатнашди.

[gallery-19913]

– Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда тобора кенгайиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялари вазирлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Азизбек Насимов. – Мамлакатларимиз ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш, тилларни ўзлаштириш, тил мутахассисларининг сифатини оширишга интилаяпмиз. Бугунги кунда мамлакатимизда 400 та мактабда қозоқ тили ўқитилади, таълим фақат қозоқ тилида олиб бориладиган 162 та мактаб мавжуд. Қозоқ тилида олий таълим ва касб-ҳунар таълимини олиш учун Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоғистон Республикаси университети, Гулистон давлат университети, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факультети ва кафедралари ташкил этилган. Самарқанд давлат университетида очилаётган ушбу марказ ҳам ёшларимизга қозоқ тилини ўргатишга хизмат қилади. 

Тадбир иштирокчилари фаолият бошлаган Абай номидаги Фан ва маданият маркази ҳамда қозоқ тили ва адабиёти бўлими билан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари