Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлот Ражабов шу кунларда Хитойнинг Урумчи шаҳридаги Шинжон қишлоқ хўжалик академиясида бўлиб турибди.
Сафар давомида Шинжон қишлоқ хўжалик академияси олимлари билан ҳамкорликда ғўза ва буғдойнинг эсктремал иқлим шароитига чидамли бўлган янги навларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда мазкур академиянинг ғўза ва буғдой тадқиқотларига ихтисослашган қатор лабораториялари, тажриба-синов иссиқхоналари ва илмий марказлари фаолияти билан яқиндан танишилди.

Айниқса, ген муҳандислиги асосида ғўза ва буғдойнинг янги навларини яратиш жараёни, яратилган мазкур навларнинг ўсиш ва ривожланиш хусусиятларини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар кўздан кечирилди.

Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишнинг илмий платформаси сифатида Шинжон қишлоқ хўжалик академияси олимлари билан биргаликда Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон – Хитой селекция ва уруғчилик марказини ташкил этишга келишилди.

Ушбу марказни ташкил этишнинг муҳим босқичлари, молиялаштириш манбалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Шинжон қишлоқ хўжалик академиясининг Ғўза муҳандислиги технологияси илмий маркази директори ўринбосари профессор Мамат Турсунжан ва Ядро технологиялари ва биотехнология институти директори ўринбосари Зҳанг Юеқианглар билан музокаралар олиб борилди.
ЎзА