—
Тарих. 2023 йил 8 июнь... Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва Жанубий Кореянинг Еунгнам университети президенти Чои Оэ-Чоол ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур ҳужжатга кўра СамДУ да Илмий тадқиқот маркази ташкил этиш белгиланганди.
Бугун. 2024 йил 23 февраль... Орадан 8 ой ўтди. Самарқанд давлат университетида ZOOM платформаси орқали “Инсон ресурсларини бошқариш ва Саэмаул таълимоти” илмий-тадқиқот маркази тантанали очилди.
Анжуманда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов, Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти директори Шоҳрух Жўрақулов ва бир қатор олимлар иштирок этди. Бу ҳақда институт ахборот хизмати маълум қилди.
Жанубий Корея томонидан Еунгнам университети президенти Чои Оэ-Чоол, халқаро таълим бўйича ижрочи вице-президент ҲУҲ Чанг Деог, Халқаро тараққиёт алоқалари институти директори, профессор ЛEЭ Жу-ҳюнг, Инновацион бошқарув бўйича ижрочи вице-президент Ҳан Донг Геун ва университет профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Марказни очишдан асосий мақсад инсон ресурсларини бошқариш ва маҳалла ривожланиши бўйича янги фанлараро таълим дастурларини ишлаб чиқиш, инсон ресурслари ҳамда маҳалла тараққиётини бошқариш бўйича республика ва халқаро грантларда иштирок этиш, Еунгнам университети томонидан ўтказилаётган Саэмаул ўқув дастурларини креатив(ижодий) қўллаш орқали маҳалла бошқаруви соҳасида фаолият юритувчи мутахассис кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдан иборат.
Мулоқот давомида мутассадилар марказ фаолиятини яхшилаш бўйича ўзининг фикр ва таклифларини илгари сурди ва асосий вазифалар белгилаб олинди.
Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш йўналишида таълим дастурларини Ёнгнам университети тажрибаси асосида такомиллаштириш, “Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш” Ўзбекистон-Корея қўшма институтини очиш, инсон ресурсларини бошқариш мутахассислиги бўйича магистратура ҳамда докторантура ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилди.
Мазкур марказда “Инсон ресурсларини самарали бошқариш ва маҳаллабай ишлаш” мавзусидаги тадқиқотларни амалга ошириш, малака ошириш курсларини очиш ҳамда “Маҳалла тараққиётида Саемаул Ундонг таълимотидан фойдаланишнинг методологик асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги халқаро грант доирасида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришга келишилди.
“Инсон ресурсларини бошқариш ва Саэмаул таълимоти” илмий-тадқиқот марказида илк маърузани Еунгнам университети инновацион бошқарув бўйича ижрочи вице-президент Ҳан Донг Геун ўқиди.
Маросим давомида марказнинг Низоми имзоланди.
Ш.Отабоев тайёрлади