French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси
18:21 / 2021-09-21

Самарқанд давлат университети ташкил этилганлигининг 600 йиллиги муносабати билан 21 сентябрь – Университет куни, деб белгиланган.

Ушбу сана Самарқандда кенг нишонланди. Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси деб эътироф этилаётган Самарқанд давлат университетида “Турк дунёсида таълим, илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро таъсир” мавзусида халқаро симпозиум ташкил этилди.

Тадбир олдидан юртимиздаги олий таълим муассасалари вакиллари ва хорижлик олимлар, вилоят жамоатчилиги вакиллари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гуллар қўйди.

[gallery-3979]

Регистон мажмуасидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида “Ўрта асрларда Самарқанддаги олий таълим кўргазмаси” очилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тадбир қатнашчилари ва Самарқанд давлат университети жамоасини қутлуғ сана билан табриклади.

– Бу муборак кун аслида илм-фан байрами, зиё айёмидир. Бу табаррук кун Самарқанд заминида маърифат қуёши порлаган кундир, – деди вилоят ҳокими. – 1420 йил 21 сентябрь куни Самарқандда Мирзо Улуғбек олий мадрасаси очилган ва толиби илмларга илк сабоқ берилган. Мана ўша тарихий кунга ҳам 600 йил тўлибди. Бу ўтган давр ичида Улуғбек олий мадрасасининг жаҳон илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссаси дунё олимлари, халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан тадқиқ этилди, тан олинди, эътироф этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олий таълим тизимида бошланган ислоҳотлар натижасида Самарқанд давлат университетининг илмий ва кадрлар тайёрлаш салоҳияти янада юксалди. Бундан беш йил олдин СамДУ талабаларининг сони 6000 нафарни ташкил этган бўлса, ўтган давр оралиғида толиби илмлар 30 минг нафарга етди. Бугунги кунга келиб, Самарқанд давлат университети жаҳоннинг энг нуфузли 160 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан алоқа ўрнатган.

Маросимларда Нобель мукофоти соҳиби, АҚШ Миллий Фанлар Академияси аъзоси Азиз Санжар ҳам фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва симпозиумда маъруза қилди.

– Узоқ масофадан келиб Мирзо Улуғбек мадрасаси ва унинг давомчиси Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик тантанасида иштирок этиб турибмиз, - дейди Азиз Санжар. – Бундан 30-40 йил аввал туркий давлатлар ҳамкорлиги ҳақида на биз, на ўзбек қардошларимиз гапира оларди. Мана бугун биз яна топишдик, қардошлик ришталарини мустакамлашга эришяпмиз. Ўтказилаётган халқаро симпозиум ҳам туркий давлатлар ўртасидаги таълим, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов илм даргоҳининг тарихи Мирзо Улуғбек олий мадрасасига бориб тақалиши бўйича олиб борилган илмий тадқиқот ишлари, ушбу йўналишдаги изланишлар ҳақида сўз юритди. Бу саъй-ҳаракатлар кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади.

Рустам Холмуродов Самарқанд давлат университети талабалари учун Нобель мукофоти соҳиби, АҚШ Миллий Фанлар Академияси аъзоси Азиз Санжар стипендияси таъсис эътилишини маълум қилди.

Маросимда мамлакатимиз ва хориждаги олий ўқув юртлари вакиллари, олимлар сўзга чиқди.

– Самарқанд давлат университети Ўзбекистондаги салоҳиятли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади, – деди Минск давлат лингвистика университети ректори Наталья Лаптева. – Бугунги кўргазма ва симпозиумда қатнашиб, бунинг боисини англадим – университет тарихи Мирзо Улуғбек олий мадрасаси билан боғлиқ экан. Ушбу бой тарихни асраб-авайлаш ва давом эттириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақиқатдан ҳам таҳсинга лойиқ. Биз Самарқанд давлат университетининг тажрибаларини ўрганиш ва бу даргоҳ билан илмий ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Тадбирлар доирасида Самарқанд давлат университети фаолиятига бағишланган кўргазма, концерт дастурлари, меҳмонлар учун диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этилди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА