Самарқанд давлат тиббиёт университети юртимиздаги тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари орасида "Times Higher Education (THE)" рейтингида 1000 таликка кирган биринчи олий таълим муассасаси бўлди.
Дунёнинг энг нуфузли халқаро рейтинг тизимларидан бири ҳисобланган THE томонидан 2025 йил учун эълон қилинган "THE Impact Rankings 2025" натижаларига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт университети илк бор дунёнинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасалари (601–800 ўринлар оралиғи) рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.
Университет рейтингда яхши саломатлик ва фаровонлик, сифатли таълим, мақсадлар бўйича ҳамкорлик, қашшоқлик йўқлиги, гендер тенглик йўналишлари бўйича сезиларди даражада юқорилади.
Мазкур натижа 1930 йилда ташкил этилган ва бугун нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларидаги етакчи тиббий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Самарқанд давлат университетида таълим жараёни ва сифат кўрсаткичлари жаҳон стандартлари даражасида эканлигидан далолат беради. Айни пайтда университетда ўнга яқин йўналишда мутахассислар тайёрланмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири