Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорларига кўра, 2022 йил 1 январдан республикамиздаги 35 та етакчи давлат олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб улар академик ва ташкилий-бошқарув соҳасида бир қатор ваколатларга эга бўлди.
Самарқанд давлат чет тиллар институти мазкур қарорлар асосида кўплаб ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлган олий таълим муассасаларидан биридир.
– Бу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган эди ва улар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасинов. – Демоқчиманки, давлатимиз раҳбари ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан 2020 йилдан республикамиздаги ўнта олий таълим муассасаси, хусусан, бизнинг институтимиз тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган эди. Икки йил давомида янги тизимда ишладик ва бу ўзини оқлади. Бу нималарда намоён бўлди?
Биринчидан, қабул квотамиз икки баравар кўпайди. 2021/2022 ўқув йилида институтимизга 3200 та квота белгиланди (аввалги ўқув йилида 1600 атрофида эди). Бундан беш-олти йил аввал институтимизда 2000 нафар талаба ўқиган бўлса, бугун уларнинг сони 11 минг нафардан ошди.

Иккинчидан, институтимиз ва бошқа муассасаларимиз моддий-техника базасини мустаҳкамлаш имкониятларимиз кенгайди. Чекка ҳудудлардаги коллежларимиз таъмирталаб бўлиб қолганди, уларни таъмирладик. Тўрт қаватли янги ахборот ресурс маркази қуришни бошладик.
Талабаларимиз кўпайгач, Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасида жойлашган собиқ коллеж биноси бизга берилди. Мазкур бинони ҳам таъмирлаб, жиҳозладик. Талабалар ва профессор-ўқитувчилари учун зарар шароит яратдик. Ҳозир бу ерда 2,5 минг нафардан ортиқ талаба ўқияпти. Келгусида мазкур ҳуддудан яна 1,5 минг ўринли ўқув биноси қуришни режалаштирганмиз.
Бундан ташқари, талабалар турар жойида таъмирлаш ишлари олиб борилди, ўринлар сони кўпайтирилди. Талабалар учун бугунги кун талабига мос шарт-шароит яратиб берилди. Лекин ҳозирда талабаларни турар жой билан таъминлаш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда давлат-хусусий шериклик асосида 600 ўринли янги талабалар турар жойи қуришни бошлаганмиз. Аммо талабалар сонини ҳисобга олсак, бу ҳам камлик қилади. Шу сабабли кейинчалик яна қўшимча бинолар қуришни мўлжаллаганмиз.
Яна бир жиҳатни айтиб ўтай, ўтган ўқув йилида ижтимоий муҳофазага муҳтож 67 нафар талабамизнинг контракт пулини институт ҳисобидан тўладик. 348 нафар иқтидорли йигит-қизлар, шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож, етим, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” даги оилалар фарзандлари бўлган талабаларимизга институт ҳисобидан стипендия бердик.
Эндиликда бу имкониятларимиз яна ҳам кенгаяди. Қарорга кўра, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари 2022 йил 1 январдан бошлаб:
таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилашга оид қарорлар қабул қилиш;
профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш;
ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;
хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш ва бошқа масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлди.
– Академик мустақиллик соҳасида эса ҳам ҳуқуқ ва ваколатларимиз бир мунча кенгайди, – дея сўзида давом этади И.Тўхтасинов. – Энди ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида ўзимиз тасдиқлаймиз.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини, докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилишни белгилашимиз мумкин. Магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан амалий малакалар бериш тизимини йўлга қўйиш ҳам ваколатимизда бўлади.
Бу масалалар анча вақтдан буён бизни ўйлантириб келаётган эди. Яхши биласиз, олий ўқув юртларимизда магистратурада 2 йил ўқиш керак. Бир қатор хорижий давлатларда эса бу бир йил. Биз магистратурани такомиллаштириб, келгусида илмий фаолият билан шуғулланадиганлар учун ўқиш муддатини 2 йил қолдириб, бошқаларга бир йиллик қилишни мўлжаллаяпмиз.
Докторантурага талаб юқори бўлсада тўлов-шартнома асосида ўқитилмайди. Биз контракт асосида ўқишни жорий этмоқчимиз.
Булардан ташқари, ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш, олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлашни ҳам эндиликда ўзимиз белгилаймиз. Буларнинг барчаси шу кеча-кундузда жуда долзарб бўлган ва ечимини кутаётган масалалар эди.
Масалан, академик мобилликни олайлик. Бугунги кунда абитуриентлар бешта йўналишни танлаб, имтиҳон топширяпти ва дейлик, хоразмлик йигит ёки қиз бизнинг институтимизга ўқишга қабул қилинмоқда. Аммо бу ерда ўқиш учун шароити йўқ. Бундай ҳолатда биз Хоразмдаги олий таълим муассасаси билан академик мобиллик бўйича келишув асосида талабани ота-онаси бағрида ўқишини давом эттиришга шароит яратиб беришимиз мумкин. Бу ҳам талабалар учун яхши имконият.
Дарслик билан таъминлаш ҳам айни пайтда энг оғриқли масала. Эндиликда ўз грифимиз асосида дарслик яратиб, ўқув жараёнида фойдаланишимиз мумкин.
Ташкилий-бошқарувда соҳасида ҳам жуда катта ваколатлар берилди. Жумладан, олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар муассасанинг тузилмасини ўзимиз тасдиқлаймиз ва штат бирликлари сонини белгилаймиз. Меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар очишимиз ёки амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатишимиз мумкин. Бундан буён педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни ўзимиз белгилаймиз.
Шундан келиб чиқиб, биз ўқитувчиларни фақат 1 ставкада эмас, 1,5 ставкагача ишга олишни, хориждан юқори малакали мутахассислар жалб қилишни режалаштиряпмиз. Чунки, айни пайтда институтимизда Франция, Америка, Туркия, Япония, Корея, Германия, Миср каби давлатлардан 18 нафар профессор-ўқитувчи талабаларимизга дарс бермоқда. Шу билан бирга ўқитувчиларимизнинг малакасини оширишда уларнинг ёрдами катта бўлмоқда. Шунинг учун келгусида яхши маош тўлаб ва зарур шарт-шароит яратган ҳолда хориждан мутахассисларни кўпроқ жалб қиламиз. Бу орқали ўқув жараёнини чет давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари сингари ташкил этамиз, ўқитувчи ва талабаларимизнинг дунёқараши, тафаккурини ўзгартиришга, хориж тажрибасини ўзимизда жорий этишга эътибор қаратамиз.
Умуман, фаолиятимизда туб бурилиш ясайдиган бу икки муҳим қарор асосида Самарқанд давлат чет тиллар институтининг концепциясини яратишни ва институтни дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари қаторига олиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА