Кеча Самарқанддаги учрашувда шундай келишувга эришилди.
Унга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ва Хитойнинг “ HENGDA" қурилиш сифатини назорат қилиш бюроси ҳамкорлигида университетда Қурилиш муҳандислик сифатини назорат қилиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Институт Марказий Осиё минтақасидаги илғор лабораториялардан бирига айланади ва қурилиш лойиҳалари учун сифат назоратини амалга оширади. Талабалар ва олимлар учун амалиёт, тадқиқот майдони бўлади.

Лойиҳани амалга ошириш учун "HENGDA" компанияси томонидан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади ва дастлабки босқичда 1 миллион долларлик техник ускуналар етказилади.

Университет эса институт фаолиятини йўлга қўйиш ва самарали ишлаши учун 2000 квадрат метр тадқиқот майдони, шунингдек, офис, яшаш ва инфратузилма шароитлари билан таъминлайди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири