Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом олами маданий мероси бўйича қўмитанинг 13-сессияси ҳамда “Самарқанд шаҳри – 2025 йилда Ислом дунёси маданияти пойтахти” тадбирларининг сарҳисобига бағишланган йиғилиш иштирокчилари Самарқандга саёҳат қилди.
Меҳмонлар Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси билан танишув чоғида дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодимиз томонидан ўша даврда амалга оширилган тадқиқотлар ҳайратланарли бўлганини таъкидлади. Мирзо Улуғбек ва унинг сафдошлари илмий фаолият олиб борган маскан, бу жойнинг тарихи, бугунги кўриниши меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-27632]
– Ислом олами маданий мероси бўйича қўмитанинг 13-сессиясида иштирок этаётган халқаро экспертлар бутун дунё талпинадиган қадим Самарқандга келиб турганимиздан мамнунмиз, – дейди таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO)нинг Боку минтақавий офиси раҳбари ўринбосари Марям Ғаффорзода. – Самарқанд номини эшитган ҳар қандай киши илм-маърифат, маданият марказини кўз олдига келтиради. Шу боис Самарқанд нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун ислом олами учун аҳамиятли шаҳардир. Бу қадимий кентда ислом ривожи учун улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддислар, фиқҳ олимлари туғилиб ўсган ва мангу қўним топган. Шу жиҳатдан, 2025 йилда Самарқанднинг ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилингани бежиз эмас. Ўйлайманки, бу буюк шаҳар қадимдан шаклланиб келган илм-маърифат, маданият пойтахти сифатида асрлар давомида ўз шон-шавкатини сақлаб қолади.
Меҳмонлар Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ҳамда Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлиб, халқимиз бунёдкорлик салоҳияти ва боқий маданий мероси билан яқиндан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари