Ҳақиқий боғбон ҳар бир ниҳолни қадрлайди, серҳосил кўчатлар экиш ва парваришлашга алоҳида эътибор қаратади. Шу боис ҳозир боғдорчиликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, интенсив боғлар барпо этиш технологияси ривожланмоқда.
Самарқанд азалдан кўркам боғлари, соҳибкор деҳқонлари билан машҳур. Буюк соҳибқирон Темур бобомизнинг «Боғи Дилкушо», «Боғи Баланд» каби етти иқлимга довруғи кетган боғларини барпо этган боғбонларнинг бой тажрибаси ҳамон кўпчиликка қўл келмоқда.
Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалик соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида вилоятдаги боғбонлар тажрибасини ўрганмоқда.
Халқаро марказ ходимлари Самарқанд туманидаги серҳосил ва замонавий интенсив боғлар, ихчам иссиқхоналар ҳамда маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган совуткичли омборхоналар ҳолатини, боғларни аҳолининг даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, қолаверса, элимиз дастурхонини тўкин қилишдаги ўрнини таҳлил қилмоқда.
Олиб борилган ўрганиш ишлари ташаббускор тадбиркорлар томонидан халқаро молия институтлари маблағларидан самарали фойдаланаётганини кўрсатмоқда. Таҳлилларга кўра, 2017-2021 йилларда халқаро молия маблағлари ҳисобидан биргина Самарқанд туманида 74 та турли йўналишдаги лойиҳалар амалга оширилган, юздан зиёд доимий иш ўрни яратилган. Масалан, «Жасур» фермер хўжалигида қуввати уч юз тонналик мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш омборхонаси барпо қилинган бўлиб, бу ҳар йили турли мева маҳсулотларини экспортга чиқариш имконини бермоқда.
– Фаолиятимиз давомида халқаро молия институтларининг кредит маблағларидан кенг фойдаландик, –дейди фермер хўжалиги раҳбари Жамшид Ўроқов.– Маҳсулотларни сифатли сақлаб истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб беришимиз эвазига кредит тўловларини ҳам ўз вақтида қайтаряпмиз.
Яна бир лойиҳа ташаббускори «Ҳамидов Ҳалим саховати» фермер хўжалиги раҳбари Маъруф Қорабоев бир миллион доллардан зиёдроқ миқдордаги кредит маблағлари ҳисобидан фаолиятини кенгайтиришга эришган. Айни дамда «Ҳамидов Ҳалим саховати» фермер хўжалиги Россиянинг «Магнит» савдо тармоғига, шунингдек, Беларус ва Қозоғистон давлатларига шартнома асосида мева-сабзавот маҳсулотларини узлуксиз етказиб бермоқда. Фермер хўжалиги раҳбарининг эътироф этишича, даромади йилдан-йилга ошиб бормоқда, кредит маблағларини қайтариш ҳам ўз вақтида амалга оширилмоқда.
Тумандаги самарали фаолият юритаётган фермер хўжаликларидан яна бири «Мирзаев Саодат боғлари»дир. Бу ерда уч юз минг доллар қийматидаги Туркия ускуналари ўрнатилган совуткич-омборхона барпо қилинган.
– Уч йилда юз эллик тоннадан ошиқроқ мева экспорт қилдик.– дейди фермер хўжалиги раҳбари Орзупўлат Мирзаев.– Асосан узум ва гилос. Меваларнинг ҳар бир килограмми ўртача 1-1.5 доллардан Россиянинг Оренбург ва Перм шаҳарларида сотилди. Бу йилги гилос ҳосилини ҳам йиғишни бошладик. Дастлабки юкларимиз йўлга чиқиш арафасида.
Интенсив боғлар кўпайиб, ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб бораётгани аҳолини йил давомида сархил мевалар билан таъминлаш имконини беради. Қолаверса, тадбиркорлар ва фермерлар мевани қайта ишлаб, улардан шарбатлар, мурабболар тайёрлаб, халқимиз дастурхонига етказиб бермоқда, экспорт ривожига ҳисса қўшмоқда.
ЎзА