Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича “East cup and Olimpic stars” халқаро Гран-при турнири ўтказилди.
Унда 12 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Беларусь, Испания, Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистондан 400 нафардан ортиқ кучли ёш гимнастикачи қизлар иштирок этди.


Гимнастикачилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида, шунингдек, тўп ва булава билан машқ бажариш маҳоратини кўрсатди.


Халқаро спорт клублари Ассоциацияси президенти Зарина Абдуллаеванинг таъкидлашича, ушбу турнир бундан олдин Россия ва Хитойда ташкил этилган бўлиб, Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилди. Мусобақа истеъдодли ёш гимнастикачи қизларни терма жамоаларга саралаш, Осиё ва жаҳон чемпионатларига тайёрлашга хизмат қилади.

Мусобақа доирасида юқори рейтингга эга гимнастикачилар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА