Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарқанд анжумани хориж матбуотида
18:44 / 2025-11-29

Озарбайжоннинг “АзерТАЖ” агентлиги, Марказий Осиё минтақасининг “Eurasianstar” ва бошқа қатор нашрлари Самарқанддаги Ипак йўли сайёҳлик мажмуасида йўқолиб бораётган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция томонларининг 20-конференцияси – CITES CoP20 анжуманини кенг ёритмоқда.

Мақолаларда CITES CoP20 тадбири Конвенциянинг Марказий Осиёда ўз тарихида ўтказваётган илк йирик йиғилиши экани, форумда 184 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 3000 га яқин делегат, жумладан давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этаётганига алоҳида эътибор қартилган. Анжуман глобал биохилма-хилликни сақлаш чораларини кучайтириш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар билан халқаро савдони тартибга солиш механизмини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилгани таъкидланган.

Очилиш маросимида БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТ Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен видеоконференция тарзида, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва CITES Бош котиби Ивонн Игуэро бевосита нутқ сўзлагани қайд этилган.

Маълумки, соҳада халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётган Ўзбекистон TRAFFIC, INTERPOL, “Fauna & Flora International” билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда, CAMI, CADI ва Рамсар каби минтақавий ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Марказий Осиё давлатлари томонидан Самарқанд декларацияси имзоланиши ҳам муҳим натижадир.

– CITES – амалдаги кўп томонламалик, ҳамкорлик одамлар ва сайёра учун натижаларга эришиш омили, – деди Ивонн Игуэро ҳамкорлик умумий муваффақият гарови эканини таъкидларкан. – Жамоавий ҳаракатимиз ёввойи табиат гуллаб-яшнайдиган келажакни таъминлашнинг ягона йўли. Қолаверса, замонавий Ипак йўли нафақат савдо, балки Ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш, билим, садоқат ва ҳаракат учун ҳам муҳим. Ушбу учрашув барқарор йўлимизни белгилаш имкониятидир. Келинг, Конвенцияни мустаҳкамлаш ва кўп томонламаликни қўллаб-қувватлаш учун бирлашайлик. Токи, ёввойи турлар гуллаб-яшнасин, экотизим ривожлансин, келажак авлодларга қолдирадиган меросимиз бардошли, умидвор бўлсин.

Ялпи сессиялар, Конвенция иловаларига киритилган ўзгаришлар бўйича муҳокамалар, ҳар хил мавзуда тадбирлар, ёввойи табиатни ҳимоя қилиш йўлидаги халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган юқори даражали учрашувларни ўз ичига олган кенг қамровли CITES CoP20 доирасидаги дастурлар 5 декабргача давом этади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА