Самарқанд шаҳрида “Samarkand Marathon-2025” анъанавий халқаро хайрия марафони бошланди.
Бу йил ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ўтказилаётган мусобақа “KIDS RUN” йўналишида 3 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги пойгалар билан старт олди. Ёш марафончилар 60, 300, 600 ва 1000 метр масофаларга югурмоқда.

Эртага, 9 ноябрь куни ўтказиладиган марафоннинг асосий беллашувларида 50 дан ортиқ давлатдан 9 минг нафардан зиёд иштирокчилар, шунингдек, халқаро форум қатнашчилари иштирок этиши кутилмоқда.

Беллашувларда иштирокчилар 5, 10, 21,1, 42,2 километр масофаларни босиб ўтади.
42,2 километрлик беллашув учун ҳомийлар томонидан пул мукофоти таъсис этилган бўлиб, биринчи ўринга 30 миллион сўм, иккинчи ўринга 25 миллион сўм ва учинчи ўрин учун 20 миллион сўм берилади.

Марафон доирасида турли ёш тоифасида ва имконияти чекланган шахслар ўртасида ҳам пойгалар ташкил этилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари