Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Samarkand Half Marathon” маблағлари имконияти чекланганларга тифлоизоҳ яратишга сарфланади
15:13 / 2019-10-30

Марафонда тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этиши режалаштириляпти.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари О.Қосимов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари С.Мирзиёева сўзга чиқди. Анжуманда бундай кенг миқёсдаги тадбир Ўзбекистонда илк марта ташкил этилаётгани, унга Россия, Грузия ва бошқа давлатлардан мутахассисларнинг жалб қилиниши халқларимиз ҳамкорлигини кучайтириши қайд этилди.

Ушбу лойиҳа маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мамлакатда спорт туризмини ривожлантиришга хизмат қилади.

Марафонда тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этиши режалаштириляпти. Унда иштирокчилар 21, 10 ва 2 километр масофага югуриб ўзаро куч синашишлари мумкин.

Маълум қилишларича, югуриш хайрия марафони кенг кўламдаги маданий дастур ва эсда қоларли тадбирларга бой бўлиши кутиляпти. Инклюзив мавзуларга бағишланган таълим тадбирлари, болалар ва катталар учун маърузалар ҳамда маҳорат дарслари, спорт ҳақида ҳужжатли фильм намойиши, маҳаллий эстрада юлдузлари ҳамда Финляндия, Германия, Туркия ва Россиядан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастурларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Марафондан тушган барча маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлоизоҳ (аудиодескрипсия) ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига йўналтирилиши маълум қилинди. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга имкон берадиган лойиҳадир.

Бунда кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг маданий муҳит билан танишиш имкониятлари кенгайиб, ижтимоий мослашишларида муҳим омил бўлади.

Ярим марафон Регистон ансамбли ёнидан бошланади. Ҳар бир масофа учун белгиланган вақт ичида етиб келган барча иштирокчилар эсдалик медалларини, марафон футболкаси ва маркали сумкани қўлга киритади. Ғолиблар учун соврин жамғармаси таъсис этилган. Мутлақ ҳисобда 1-ўриндан 3-ўрингача бўлган эркаклар ва аёллар пул мукофотлари билан тақдирланади. 

Тадбир доирасида "Тактил муҳит" кўргазмаси ташкил этилади. Кўргазмага Нукусдаги Савицкий номидаги давлат тасвирий санъат музейи коллекциясидаги суратларнинг қавариқ ишланган кўринишлари қўйилади. Кўзи ожиз ёки кўриш қобилияти паст инсонлар кўргазмага қўйилган суратларни ушлаб ҳис этишлари мумкин. Кўргазма экспозициясидан Регистон ансамблининг 3 d тактил модели алоҳида ўрин эгаллайди. Маданият муассасалари ва тадқиқот марказларининг экспертлари иштирокида "Маданий обектларда ногиронларни эътиборга олиш борасидаги халқаро тажриба" мавзусидаги давра суҳбати ўтказилади.

Ярим марафондан тушган маблағлар Тошкент театрларидан бирида кўзи ожиз инсонлар учун қулай муҳит яратиш бўйича экспериментал лойиҳани амалга оширишга йўналтирилади. Ушбу дастур тифлоизоҳлаш ёрдамида театр саҳнасида пьеса намойиш этилишини ўз ичига олади.