French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарасиз аксил ҳужум...
12:54 / 2023-07-25

Россия – Украина

Қўшма Штатлар Россия озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқаришга қаршилик кўрсатишига қарамай, Қора денгиз дон шартномасини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер баёнот берди.
“Россия дон шартномасига қайтиши керак, биз буни жуда истаймиз”, деган у.

Давлат департаменти Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина қаршиҳужуми инқирозга учрагани тўғрисидаги баёнотига муносабат билдиришни истамади. Шу билан бирга, Киев мазкур амалиётни ўтказиш учун зарур ёрдам олганини қайд этди. АҚШ ТИВ матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер шу ҳақда маълумот берган.

“Аксил ҳужум учун керакли барча зарур нарсаларни нафақат Америка, балки Европа ва сайёрамизнинг бошқа чеккаларидаги иттифоқдошлар, ҳамкорларимиз Киевга етказиб берди”, деди у.

Украина ҳарбийлари, айниқса зобитлар таркиби Ғарбда олинган таълимни амалда қўллашда ёмон натижа кўрсатмоқда, дейилади Германия Қуролли кучлари томонидан “Bild” нашрига сиздирилган маълумотда:

– “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” мўлжалланган ҳужжатда “Баъзи ҳарбий қисмлар жуда кичик бўлинмаларга бўлинган ҳолда, ҳар бири ўзича қандайдир ҳаракатларни амалга оширмоқда. Афсуски, якдил жанговар амалиёт кузатилмаяпти.

Хитой Шимолий Атлантика альянси давлатларидан фарқли ўлароқ, Украинага қурол-аслаҳа етказиб бермаяпти, инқирозга аралашмаяпти. Бу ҳақда ХХР ТИВ расмий вакили Мао Нин баёнот берди.

– Хитой қурол-аслаҳа экспорти масаласига эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндашмоқда, – қўшимча қилган дипломат.

АҚШ Украинага 32 та “Stryker” зирҳли транспортёрдан иборат янги 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам тайёрламоқда. Бу ҳақда “Associated Press” ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Бразилия Украина атрофидаги зиддиятда воситачилик ролига даъвогарлик қилмайди, мамлакат тинчлик музокарасида қатнашишга ҳар замон тайёр. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Мауро Виэйра “Congresso em Foco” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

– Президент Луис Инасиу Лула да Силва доим фақат уруш ҳақида эмас, тинчлик ҳақида ҳам гапириш кераклигини айтиб келади, – дея қўшимча қилган вазир. – Бирор давлат тинчлик ишига бош қўшмаяпти. Украинадаги можарони кўплаб мамлакатлар иштирокида жамоа бўлиб тўхтатиш мумкин.

Киев ЕИ билан музокарага киришиш учун тайёр, мулоқотни шу йил бошлаш мумкин, деди Украина Президенти Владимир Зеленский.

“Қатор сиёсий йиғилишлар ўтказилди, Украина ЕИга интеграция жараёнини бошлашга тайёр”, деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

“CNN” телеканалига интервью бераркан, Украина мудофаа вазири Алексей Резников аксил ҳужум жадвалдан ортда қолаётганини айтган. Бунинг сабаби ўқ-дори ва ҳаводан ҳужум ҳимояси тизими етишмаслиги экан.

– Қаршиҳужум тезлик билан амалга оширилиши керак, жанговар ҳаракат компьютер ўйини эмас, – дея қўшимча қилган у. – Шу кунларда Киев томонидан кассетали ўқ-доридан фойдаланилгани тўғрисида дастлабки ҳисобот юборилади.

Украина Қуролли кучлари вакили Юрий Игнат “Страна” нашрига радиоэлектрон курашда Россия устун эканини айтди.

– Учувчисиз учоқни зенит ракетаси билан уриб тушириш шарт эмас, радио электрон восита “қўлга киритилса” бас, самолёт қўнишга мажбур бўлади, – деди Игнат. – Бу жуда жўн иш.

Аброр ХОН,

ЎзА