Жиззахлик тадбиркор Азиз Шаймарданов Президент фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу мукофот унинг тадбиркорлик ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, меҳнатсеварлиги ва юрт равнақига қаратилган ташаббуслари учун берилди.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига амалий ташрифи давомида Жиззах шаҳрида барпо этилган “Кўк сарой” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари мажмуада яратилган имкониятлар, қулай шарт-шароитлар, хизматлар кўлами билан батафсил танишар экан, аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот қилди.
Шунингдек, бундай замонавий марказлар ҳудудлар иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча вазифаларни белгилаб берди.
“Koʻk Saroy Resident City” МЧЖ директори Азиз Шаймардановнинг фидойи меҳнати, ташаббускорлиги, амалий тажрибаси ва жамоатчилик манфаатлари йўлидаги холис саъй-ҳаракатлари юқори эътироф этилди. Унинг раҳбарлигида мажмуада замонавий савдо-инфратузилмалари барпо этилди, ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида янги иш ўринлари яратилди. Маҳаллий иқтисодиётга қўшилаётган бундай ҳисса юрт тараққиётига муносиб хизмат сифатида баҳоланди.
Президент фармонига мувофиқ берилган “Дўстлик” ордени унинг соҳибига Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан тантанали тарзда топширилди.
А.Қаюмов, ЎзА