Давлатимиз раҳбарининг “10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз суд органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, соҳага оид ислоҳотларни чуқурлаштириш, одил судловни адолат, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга ошириш орқали Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти учун бир гуруҳ аёл судьялар давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлди.
Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Гулистан Ешназарова “Жасорат” медали, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси Жанат Аймаганбетова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
“Жасорат” медали соҳибаси Гулистан Ешназарова ўзининг меҳнат фаолияти давомида суд корпусининг нуфузини кўтариш бўйича бир қанча ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2023-2025 йилларда биринчи инстанция тартибида 13 та иқтисодий ишни кўриб тамомлади. Ушбу даврда апелляция, кассация ва тафтиш тартибида маъруза қилган иқтисодий ишлари 210 тани, бундан ташқари апелляция, кассация ва тафтиш тартибида раислик қилган иқтисодий ишлари 246 тани ташкил этди.
Шу даврда суд амалиёти бўйича 7 та умумлаштириш ўтказишда бевосита иштирок этган. Шунингдек, қонун бузилиши, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 2 та хусусий ажрим чиқарилди.

“Шуҳрат” медали соҳибаси Жанат Аймаганбетова 2023-2025 йиллар давомида 170 та маъмурий ишни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ўрганиб чиқиб, улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинишига эришди. Ушбу давр мобайнида 160 та маъмурий ишни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида судлов ҳайъатида кўрилишида раислик қилди. Шунингдек, 15 та хусусий ажрим ва тақдимнома чиқаришга эришди.
У Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ва бошқа бир қатор кодекслар, Пленум қарорлари лойиҳаси ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қонунчиликка киритилиши мумкин бўлган, солиққа оид қонунчиликни қўллашда вужудга келаётган Олий суд Пленуми даражасида тушунтириш берилиши талаб этилаётган масалалар, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиққан.
У ёш кадрларга иш тажрибаси ва билимларини ўргатиб, уларга устозлик қилиб келмоқда.
Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги самарали меҳнати ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ишларига қўшиб келаётган муносиб ҳиссасига берилган юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.