Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Самарали меҳнат қилиш бурчимиз”
09:39 / 2022-03-11

Халқимиз ўз касбидан қадр топган инсонларни ҳар доим эъзозлайди.

Улар сафида турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган аёлларнинг борлиги қувонарлидир. Тоғ-кон саноати тармоғида ҳам самарали меҳнат қилиб келаётган жонкуяр юртдошларимиз ҳам талайгина.

Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги “Ёшлик I” кони негизида “Олмалиқ КМК” АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан комбинат томонидан ҳудудда кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Мазкур саъй-ҳаракатларда тажрибали мутахассисларнинг ҳиссаси катта, албатта. Ҳозирда тоғ-кон транспорт комплекси ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича дирекцияда 30 киши меҳнат қилмоқда. Улардан 8 таси аёллардир.

Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 5 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўз меҳнат жамоасида самарали меҳнати билан ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган Тошкент вилоятидаги бир гуруҳ хотин-қизлар мукофотланди. Улар орасида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг “Ёшлик-1” кони дирекция етакчи муҳандиси Раъно Олимова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Раъно Олимова 26 йиллик меҳнат фаолиятига эга бўлиб, 1996 йилдан буён комбинатда фаолият юритмоқда. Сўнги тўрт йилда Тоғ-кон транспорт комплекси ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича Дирекцияга олий ўқув таълим муассасалари битирувчиларидан 7 нафари ишга қабул қилинди. Уларнинг 2 нафари “Устоз-шогирд” анъаналари асосида Р.Олимовага бириктирилди. Талабчан, камтарин ва очиқ кўнгил мутахассис меҳнат жамоасида муносиб ҳурматга эга. Унинг давлат мукофотини олганидан сўнг таассуротлари билан қизиқдик.

– Юксак эътибордан жуда хурсандман, – дейди Раъно Олимова. – Меҳнатим бу қадар юқори баҳолангани байрам арафасида ажойиб совға бўлди. Давлатимиз раҳбарининг қўлидан ушбу мукофотни олаётганимда қалбимдан ўзгача қувонч ва ҳаяжон ҳис этдим. Авваллари Президентимиз кўп бор комбинатга турли лойиҳаларни амалга ошириш учун ташриф буюрганида ҳамкасбларим қаторида бу инсон билан учрашишни орзу қилардим. Ниятларимга етдим. Бу мен каби соҳада ишлаётган кўплаб аёлларга кўрсатилган рағбатдир.

Аслида ҳар бир касб сирлари, нозик жиҳатларини ўрганишдан тўхтамаслик керак. Инсон доим ўз устида ишлаши, изланиши керак. Айнан мен ишлаётган муҳандислик касби ҳам кишидан интизомли бўлиш, барча янги ва илғор технологиялардан фойдаланишни талаб қилади ва бу менга ёқади. Комбинатимиз гендер тенглиги жуда юқори даражада бўлган энг яхши ишлаб чиқариш мажмуаси сифатида тан олинган. Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, касб маҳоратини ошириш учун доимий равишда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан бизга шундай шароитлар яратилганига жавобан соҳада самарали фаолият олиб бориш бурчимиздир.

А.Мусаев, ЎзА