Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарали меҳнат эътирофи
17:00 / 2023-07-03

Инсон ҳаётда самарали меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан ҳурмат ва қадр топади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бағишлайди. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

“Жалақудуқ ҳаёти” газетаси муҳаррири Шукрилло Ҳайитохунов ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Мана қарийб 45 йилдирки у матбуот соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

1979 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаб туман газетасида адабий ходим бўлиб иш бошлаган ёш мутахассис йиллар давомида билим, малака ва тажрибасини оширди. Тажрибали устозлардан касбининг нозик сирларини, жамиятдаги ютуқ ва муаммоларни ёритишда, танқидий, таҳлилий материалларни тайёрлашда нималарга эътибор бериш кераклигини, тайёрланаётган материал қай тарзда ёзилса, ўқувчини қизиқтира олишини ўрганди.  

Туман газетаси таҳририяти унинг иқтидори, ижодий салоҳиятини юзага чиқишида том маънода ижод мактабига айланди. У жамоада узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келмоқда. Дастлаб адабий ходим, кейинчалик мухбир, бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари, 1998 йилдан эса муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда. У йиллар давомида газета саҳифаларида долзарб мавзулардаги таҳлилий-танқидий, давримиз қаҳрамонлари ҳаёти, фаолияти ҳақидаги қизиқарли мақолалари билан ҳаётимизнинг қайноқ жараёнларини ёритиб келди. Унинг ёзганлари газетхонлар томонидан ҳамиша катта қизиқиш билан ўқилди.  

Эътироф этиш керакки, Шукрилло Ҳайитохунов касбининг етук мутахассиси, моҳир, фидоий, меҳнатсевар журналист сифатида нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топди.  

– Журналистика соҳасида ишлашнинг ўзига яраша масъулият ва қийинчиликлари бор, – дейди Шукрулло Ҳайитохунов. – Энг аввало, ҳар бир ишга, ҳар бир жараёнга адолат нуқтаи-назаридан қараб ёндашиш керак. Шундагина тайёрланаётган материаллар қизиқарли бўлади, қолаверса, одамларнинг журналистга бўлган ишончи ортади.  

Ҳар бир касб, айниқса, журналистика соҳаси ўз устида доимий изланиб, тинимсиз ишлашни, кўп ўқиб, ўрганишни талаб этади. Шу боис ҳам қаҳрамонимиз ўқиб, ўрганиш, изланиш, янгиликка интилишдан тўхтамайди. Масалан у туманда қирғиз миллатига мансуб аҳоли кўплигини ҳисобга олиб газетанинг бир саҳифасини қирғиз тилида чоп этишни йўлга қўйган. Бу нафақат газета муштарийлари сафи кенгайиши, балки миллатлараро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда босма нашрлар, айниқса, туман газеталари таҳририятлари қийин даврни бошидан кечирмоқда. Газетани мунтазам чоп этиб боришда иқтисодий қийинчиликлар юзага келмоқда. Ана шундай оғир бир даврда қаҳрамонимизнинг кўп йиллик тажрибаси қўл келмоқда. Муҳаррирнинг ҳамкор ташкилотлар ҳамда муштарийлар билан ишлаш, тарғибот борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли туман газетаси доимий равишда муштарийлар қўлига етиб бормоқда.  

Кейинги йилларда Шукрулло Ҳайитохуновнинг қатор китоблари чоп этилганлиги эса унинг ижодкор сифатидаги фаолиятини янада юқори босқичга кўтарди. Туман тарихига оид ва бошқа мавзулардаги бадиий асарлари китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.  

Шукрулло Ҳайитохунов нафақат журналист, ижодкор сифатида, балки жамоат ишларида ҳам ҳамиша фаол. Тумандаги деярли барча тадбирларда фаол иштирок этиб келади. Айниқса, туман “Халқпарвар” комиссияси раиси сифатидаги фаолияти, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишдаги фаоллиги алоҳида эътирофга муносиб.  

Юртимизда кимки фидойи бўлса, ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Жумладан, Ш. Ҳайитохунов ҳам бутун фаолияти давомида фидоийлик кўрсатиб, самарали меҳнат қилиб келди, меҳнатлари муносиб тақдирланди. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида у Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу ўз касбининг фидойиси, тиниб-тинчимас журналистнинг самарали меҳнатлари эътирофидир.  

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА