Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишда божхона органи ходимларининг муносиб ҳиссаси бор.
Бундан 22 йил муқаддам эгнига божхоначи формасини кийган Гули Бобоқулова ҳам шу ўтган йиллар мобайнида соҳанинг чинакам фидойисига айланди. Бухоро вилоятидаги “Хўжадавлат” ва “Олот” чегара божхона постларида олиб борган фаолияти давомида касбига ва ҳарбий қасамёдига содиқлигини намоён этди. Гули Бобоқулованинг юрт олдидаги содиқ хизматлари давлатимиз томонидан алоҳида эътироф этилди. 2020 йилда Президентимиз фармонига кўра, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
Гули Бобоқулова учун 2022 йил чинакам эътирофлар йили бўлди. Айни шу йилда унинг бир эмас икки фарзанди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларининг фарзандларига давлат олий таълим муассасалари ҳамда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига асосан Божхона қўмитаси раиси тавсияномаси билан Олий таълим муассасасининг талабаси бўлишга муваффақ бўлди.
– Мен божхона органи ходимаси эканлигимдан чинакам фахрни айнан фарзандларим имтиёзли тарзда олий таълим муассасаси талабаси бўлганда ҳис этдим, –дейди Гули Бобоқулова. – Чегара божхона постларида хизмат олиб борган вақтларимда фарзандларимнинг келажагидан айниқса таълимидан жуда хавотирда бўлар эдим. Шукрки, бугун фарзандларим ҳам давлатимиз ҳимоясида. Фарзандларимга шундай касб танлангки, юртга нафингиз тегсин, деб доим айтар эдим. Мана бугун уларнинг бири ҳуқуқшунослик, иккинчиси тиббиёт соҳасида таҳсил олмоқда. Келгусида менга билдирилган ишончни оқлашга, божхона соҳасида хизмат қилаётган ёш ходимларни муносиб тарбиялашга бор куч ғайратимни сафарбар этишга ваъда бераман.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.