Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарали мактаб тизимлари нима ва бунда халқаро тадқиқотларнинг ўрни қандай?
09:48 / 2020-04-14

Мазкур масалада атрофлича таҳлиллар олиб бориш, халқаро тажрибаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади


Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари 2021 йилда ташкил этиладиган PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларида илк бор иштирок этишлари режалаштирилган. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинган бўлиб, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Унга кўра, халқаро PISA тадқиқотининг рейтингида 2030 йилга бориб дунёнинг илғор биринчи 30 та мамлакатлари қаторига киришга эришиш вазифалари қўйилган. Халқаро баҳолаш жараёнларига муносиб тайёргарлик кўриш борасида муҳтарам президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаларида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мазкур масалада атрофлича таҳлиллар олиб бориш, халқаро тажрибаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, PISA тадқиқоти бўйича халқаро аренада муносиб ўрин эгаллаш, бу шунчаки рақам эмас, балки унинг ортида турган машаққатли меҳнат, таълим сифати, кадрлар салоҳияти, ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари, ўқув дастурлари ва дарсликлар, таълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти, бир сўз билан айтганда, миллий таълим тизимининг қанчалик тайёр эканлиги билан боғлиқ ҳисобланади.

Халқаро баҳолаш дастурларининг таълим тизими ривожланиши ва таълим сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда келгусидаги стратегик вазифаларни белгилаб олишда ўзига хос ўрин тутади.

Ушбу мақолада, PISA тадқиқоти натижалари ва таҳлилларини амалга оширишда кўп йиллик тажриба асосида халқаро экспертлар томонидан берилган баъзи фикрлар ҳақида тўхталиб ўтишга ҳаракат қилдик. Мазкур мақола, PISA дастурининг асосчиси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Таълим масалалари бўйича департаменти раҳбари Жаноб Андреас Шляҳернинг “ХХI аср мактаб тизимини қандай қуриш мумкин?” номли монографияси асосида тайёрланди.

Унда, таълим соҳасидаги ривожланишлар, ютуқлар билан дунё таълим тизимида муносиб ўрин эгаллаб турган давлатларнинг тажрибалари, уларнинг ушбу ютуқларга эришишларида ПИСА тадқиқотининг ўрни ҳақида ёритиб берилади.

Таълим соҳасидаги давлат сиёсатини белгилашда доимий равишда вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиб боришга заруриятнинг мавжудлиги, ўз навбатида ахборот ва маълумотларни тезкорлик билан тўплаш ҳамда илмий кашфиётлар қилишни ҳам тез суръатларда амалга ошириш эҳтиёжини келтириб чиқаради. Лекин, бу каби маълумотлар тасодифий воқеалар асосида тўпланмаслигини унутиб қўймаслик лозим.

PISA тадқиқоти асосида олинган маълумотлар қанчалик кенг қамровли ва қимматли бўлишига қарамасдан, ҳанузгача кўплаб саволларни жавобсиз қолдирмоқда. Тадқиқот натижалари маълум бир вақтнинг ўзида таълим тизимлари ҳақидаги тасаввурларни гўёки фотосурат сингари қайд қилиб боради, аммо, бу натижалар мактаб тизимларининг ҳозирги даражага қандай етиб келганликларини, уларнинг ривожланишига қайси омиллар ҳисса қўшган ёки тўсқинлик қилганлигини кўрсатмайди ва кўрсата олмайди ҳам. Ушбу олинган маълумотлар, таълим тизимида эришилган ютуқлар ва камчиликларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида тўлиқ тасаввурни англатмайди. Омилларни бир-бирига боғлаш ҳам кўпинча чалғитади: мисол учун, агар қушлар ҳар куни қуёш чиққанда сайраса, бу уларнинг сайроғи туфайли қуёш кўтарилаётганлигини англатмайди.

Бир сўз билан айтганда, муваффақиятли таълим тизимларидаги мавжуд вазиятни билишнинг ўзи, бизга қолоқ тизимларни қандай яхшилаш ҳақидаги саволимизга жавоб беради дегани эмас. Бу халқаро тадқиқотларнинг ҳам имконияти чегараланганининг бир мисоли бўлиб, таҳлилнинг бошқа шаклларидан ҳам фойдаланишни тақозо этади. PISA мактаб тизимини бошқариш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар бермайди, балки турли мамлакатларнинг педагогик амалиётлари тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилади, бу — унинг кучли томонидир.

Шундай экан, таълим сиёсатини белгилашда халқаро тадқиқотлар натижаларидан ўзига хос тажрибаларни ўзлаштиришдан олдин, бу натижаларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларининг ўзаро боғлиқлигини ўрганиш лозим.

Улар турли давлатларнинг халқаро тадқиқот натижаларини таққослаш орқали ўз мамлакатларининг таълим сиёсати учун манфаатли бўлган маълумотларга эга бўлишлари мумкин, гўёки, ишбилармон одамлар бошқа ривожланган компаниялар тажрибасидан илҳом олиб, олинган сабоқларни ўз ҳолатларига мослаштирган ҳолда ўз компанияларини муваффақиятларга йўналтиришни ўрганганлари сингари.

Бунинг учун, қиёсий таҳлилнинг турли шакллари, масалан, мамлакатларнинг таълим сифати ва самарадорлигини ўрганиш ҳамда мамлакатларнинг бу кўрсаткичларидаги ўзаро фарқларни таҳлил қилиш, ушбу мамлакатлар таълим тизимининг ўзига хос хусусиятларини баҳолаш каби усуллардан фойдаланишлари мумкин.

Ушбу ёндашувнинг асосий тадқиқотчиларидан бири 1988 йилдан бери АҚШда Таълим ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича Миллий марказни (National Center on Education and the Economy) бошқариб келаётган Марк Такердир. У 2009 йилда бир қатор тажрибали тадқиқотчиларни тўплади ҳамда PISA тадқиқотларида иштирок этиб келаётган, таълим тизими жадал ривожланаётган етакчи давлатларнинг тажрибасини таҳлил қилиш асосида АҚШ таълим тизими учун тавсиялар ишлаб чиқишга бел боғлади. Тадқиқот давомида тарихчилар, сиёсатчилар, иқтисодчилар, таълим соҳасидаги мутахассислар, оддий фуқаролар, журналистлар, тадбиркорлар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашилди. Такернинг бу ташаббуси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭCД) томонидан олиб борилаётган амалий тадқиқотларини турли касб вакиллари ва аҳоли қатламларининг қизиқарли қарашлари ва фойдали таклифлари билан тўлдирди ҳамда кейинчалик салмоқли тадқиқотлар учун замин яратди.

Мамлакат таълим тизимининг индивидуал ривожланишини таҳлил қилиш шу мамлакатнинг тарихини, анъанавий қадриятларини, кучли томонлари ва ўзига хос миллий муаммоларини ҳам ўрганишни талаб этади. Такернинг қиёсий тадқиқотлари таълим соҳасида яхши натижалар билан ажралиб турадиган мамлакатларнинг таълим сиёсатидаги кутилмаган хусусиятларни очиб берди:

Юқори самарали таълим сиёсатига эга мамлакатлар ўз фуқароларини ресурсларни қисқа муддатли мақсадларга сарфлашдан кўра, таълим орқали келажакка сармоя киритишга сарфлаш манфаатли эканлигига ва ишчи кучининг нархи учун эмас, балки сифати учун курашиш лозимлигига ишонтирдилар.

Таълимнинг юқори мавқеи – бу тенгламанинг фақат бир томонидир. Унинг иккинчи томони эса – бу нафақат иқтидорли ўқувчилар, балки ҳар қандай ўқувчи яхши ўзлаштира олиши мумкинлигига бўлган ишончдир. Баъзи мамлакатларда фақат оз сонли кишиларгина яхши натижаларга эриша олиши мумкин деган фикр мавжуд. Аммо, PISA тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бундай қараш ижтимоий номутаносибликни кучайтиради. Бундан фарқли ўлароқ, Эстония, Канада, Финляндия ва Япония каби турли мамлакатларда ота-оналар ва ўқитувчилар ҳар бир ўқувчи юқори талабларга жавоб бера олишига ишонишади. Ушбу ишонч дарс жараёнидаги талабалар ва ўқитувчиларнинг xатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Бундай тизимлардаги таълим муносабатларининг иштирокчилари талабаларнинг қобилиятлари, истеъдод ва қизиқишларини аниқлаш билан чекланиб қолмасдан, балки ҳар бир ўқувчида ушбу хусусиятларни ривожлантиришдек натижаларга эришди.

Энг яхши мактаб тизимлари таълим стандартларидан четга чиқмаган ҳолда ўқувчиларнинг таълимга оид турли хил эҳтиёжларини аниқлаб, табақалаштирилган педагогик таълим орқали бу эҳтиёжларни қондиришга қаратилган. Ушбу тизимларда инсонлар оддий талабалар ҳам ғайриоддий истеъдодларга эга бўлиши мумкинлигини тан олишади ва шунинг учун барча талабалар юқори таълим стандартларига жавоб беришлари учун ўзларининг бор имкониятларини сафарбар қилишади. Бундан ташқари, ушбу тизимлардаги ўқитувчилар ўз кучлари, вақтлари ва маблағларини нафақат ўқувчиларининг ўзлаштиришига, балки уларнинг фаровон яшашига ҳам сарфлайдилар.

Ҳеч қайси мамлакатда мактаб тизимининг сифати ўқитувчиларни тайёрлаш сифатидан юқори бўла олмайди. Шуни инобатга олган ҳолда, таълим тизими сифатини ошириш учун энг аввало педагогларнинг касбий тайёргарлигини юқори босқичга кўтариш лозим. Энг яхши таълим тизими амал қилувчи мамлакатларда ўқитувчиларнинг билим салоҳиятига катта эътибор берилади, уларнинг даврий равишда ўқитиб борилади, ўқитувчиларга, айниқса қийинчиликларга дуч келган ёш ўқитувчиларнинг малака оширишларига кўмаклашилади ва касбий стандартларга мувофиқ иш ҳақи тизими жорий этилади. Бундан ташқари, бундай мамлакатларда ўқитувчиларнинг энг яхши педагогик тажрибаларни ўрганишлари, ҳамкорликда ишлашлари, касбий ўсиши ҳамда шахсий карьера поғоналарига кўтарилиб боришлари учун шароит яратилади.

Юқори самарали мактаб тизимлари раҳбарларининг биринчи галдаги вазифалари – бу ўқувчиларнинг ўзлаштира олиш имкониятларини ўрганиш ва бу ўқувчиларга ўқитувчилар томонидан нималарни ўргатиши лозимлигини аниқлашдан иборатдир. Бундай давлатлар аллақачон маъмурий бошқарув ва қоғозбозлик тизимидан воз кечиб, меҳнатни ташкил этишнинг профессионал шаклларига ўтганлар. Улар ўқитувчиларнинг инновацион фаолиятларини рағбатлантирадилар, нафақат индивидуал балки жамоавий фаолият самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган профессионал ривожланишни қўллаб-қувватлайдилар. Етакчи мактаб тизимларида маъмурият ва ўқитувчилар иерархик муносабатлардан узоқлашишга ва пастдан юқорига қараб ривожланишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу билан бирга, улар ўқитувчилар ёки мактаблар ўртасидаги горизонталь алоқаларни мустаҳкамлашга, ҳамкорлик маданияти ва кучли инновацион тармоқларни яратишга ҳаракат қилмоқдалар.

Энг самарали мактаб тизимлари ҳар бир ўқувчига илғор педагогик тажрибалар асосида юқори даражадаги билим беради. Ушбу мақсадга эришиш учун мураккаб бошқарувга эга бўлган мактабларга энг тажрибали директорлар ва энг паст ўзлаштирувчи синфларга эса энг маҳоратли ўқитувчилар жалб қилинади.

Ва ниҳоят, яна бир муҳим томони шундаки, юқори самарали таълим тизимлари белгиланган ўқув курсининг ҳамма жойда амалга оширилишини назорат қилади. Улар узоқ вақт давомида таълим сиёсатининг мувофиқлигини таъминлайди ва унинг изчиллик билан амалга оширилишини назорат қилади.

Жамшид Нарзиев,

Таълим инспекцияси ҳузуридаги

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази