Бухоро вилояти Шофиркон тумани ободонлаштириш бошқармаси моддий-техник имкониятларни ошириш, ишчи-мутахассислар самарали ишлашлари учун янада қулай имконият яратиш мақсадида корхонага яна 4 та махсус техника транспорт воситаси берилди. Туман мутасаддилари иштирокида мазкур техника воситалари ободонлаштириш бошқармасига тантанали равишда топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ободонлаштириш тармоғи зиммасига юкланган масъулият йилдан-йилга ортмоқда. Янгидан қабул қилинган транспорт воситалари эса айни пайтда туманда хизмат доирасидаги 1076 километр ички йўлни таъмирлаш, 112 та қабристонни тоза ва талаб даражасида сақлаш, 23 километр узунликдаги пиёдалар йўлагини тартибга солиш, жами 2400 та бетон таянч устунидаги ёритиш тизимини барқарор ишлатишда қўл келади.

Ободонлаштириш бошқармаси таркибида бугунга келиб 330 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи фаолият юритмоқда. Янги замонавий русумдаги супуриш, тозалаш ва сув сепиш машинаси, шунингдек, ички йўлларни текислашда қўл келадиган автогрейдер соҳа ходимлари ишини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги томонидан жамоага дарахтлар ва кўчатларда учрайдиган зараркунандаларга қарши биологик ишлов бериш-дорилашни амалга оширишда қўлланиладиган “Foton” русумли автомашина ҳам топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.