Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Самарали ҳамкорлик
14:29 / 2025-10-09

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди. Меҳмон вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси эканлиги ҳам эътироф этилди.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ташкилотлари томонидан вилоятда амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш, туризмни ривожлантириш каби муҳим йўналишларда катта аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Бухоро вилоятида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентликлари билан қатор илғор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий этиш, БМТ Болалар жамғармаси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида соғлом авлодни тарбиялаш, болалар ва она соғлигини мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар, БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи кўмагида маҳаллий инфратузилмани яхшилаш, аёллар ва ёшлар бандлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар вилоят ривожига ҳисса қўшмоқда.

Делегациянинг Бухорога ташрифи доирасида қатор ижтимоий соҳа объектлари ва қишлоқ хўжалигида эришилаётган натижалар билан бевосита танишиш кўзда тутилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.